Ўзбекистонда тадбиркорларга имтиёз энди рейтингига қараб берилмайди

Ўзбекистонда тадбиркорларга имтиёз энди рейтингига қараб берилмайди
Ўзбекистонда тадбиркорлик субьектларининг барқарорлик рейтинги даражасидан қатъи назар, солиқ тўловчига тўланган қўшилган қиймат солиғининг бир қисми қайтарилади ҳамда солиқ ва божхона имтиёзлари қўлланилади.
Ҳужжатга мувофиқ, иқтисодий амнистия доирасида йўл қўйилган хатоларни мустақил равишда бартараф этганларнинг Тадбиркорлик субьектларининг барқарорлик рейтингидаги баллари камайтирилмайди.
Экспортчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш мақсадида тижорат банклари томонидан экспортчиларга 3 миллион АҚШ доллари эквивалентидан ошмаган миқдорда, АҚШ долларида 6 ойлик СОФР+8 фоиздан, еврода 6 ойлик ЭУРИБОР+7 фоиздан, Хитой юанида 6 ойлик ШИБОР+7 фоиздан юқори бўлмаган фоиз ставкада 12 ой муддатгача ажратиладиган кредитлар бўйича фоиз харажатларининг 35 фоизи кредит тўлиқ сўндирилгандан кейин Кредит фоиз харажатларини компенсация қилиш жамғармаси ҳисобидан тадбиркорлик субьектининг тоифаси, барқарорлик рейтинги ва ҳудуд тоифасидан қатъи назар қоплаб берилади.
Бунда тадбиркорга ажратилган кредит бўйича экспорт тушуми тижорат банки томонидан юритилади ва тасдиқланган ҳолда тақдим этиладиган реестр асосида компенсация тўлаб берилади.
Фармонга кўра, қиймати 200 миллиард сўмдан (Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм учун – 50 миллиард сўмдан) ошадиган инвестиция лойиҳаларида ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқларини ўз ҳисобидан қурган тадбиркорлик субьектлари харажати давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилиши ҳам белгиланди.
Давлат харидларида товарлар (ишлар, хизматлар) қабул қилинганлигини солиқ органларининг ахборот тизимидан олинган маълумотлар асосида тасдиқлаш ҳамда ижрочининг закалат ва қўшимча закалат маблағларини бир иш куни ичида автоматик равишда қайтариш тартиби ҳам жорий этилади.
Ҳужжатга кўра, меҳмонхоналар учун мол-мулк ва ер солиғи ставкаларига 0,1 коеффициент қўллаш муддати 2030-йил 1-январгача узайтирилади. Меҳмонхона, ресторан, кафе ва барлар томонидан харид қилинган сув, салқин ичимликлар, пиво ҳамда тамаки маҳсулотларининг маркировка кодлари якуний истеъмолчига сотилган деб ҳисобланади.
Фармон билан 1-ноябрдан тадбиркорлар учун электр ва газ бўйича олдиндан тўлов 15 фоизга туширилиши, тадбиркорлар учун “Иккинчи имкон” иқтисодий амнистияси эълон қилиниши, тадбиркорларга молиявий жарима қўллашда биринчи хато учун – огоҳлантириш қоидаси жорий этилиши, кичик тадбиркорлик субьектларини текширишга 3 йилга мораторий жорий этилиши ҳам белгиланди.

