Маҳаллий

Ўзбекистонда сотувчида айнан шундай маҳсулот бўлса, нуқсонли товарни дарҳол алмаштириб бериш тартиби белгиланмоқда

Ўзбекистонда сотувчида айнан шундай маркали товар мавжуд бўлса, нуқсонли маҳсулотни 7 кунда эмас, дарҳол алмаштириб бериш тартиби жорий этилмоқда. Шунингдек, товар сифатини қўшимча текшириш шартлари, истеъмолчининг унда иштирок этиш ҳуқуқи ва харажатларни қоплаш тартиби аниқ белгиланди.

Ўзбекистонда сотувчида айнан шундай маҳсулот мавжуд бўлса, нуқсонли товарни зудлик билан алмаштириш тартиби жорий этилмоқда

Ўзбекистонда истеъмолчи товарнинг ишлаб чиқарилиши, тузилиши ёки таркибида нуқсон аниқлаган тақдирда, агар сотувчида (ишлаб чиқарувчида) айнан шундай маркали маҳсулот бўлса, уни дарҳол алмаштириб бериш мажбурияти юкланмоқда. Сенат тегишли норма белгиланган “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 14-моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонунни маъқуллади.

Амалдаги қонунчиликка кўра, истеъмолчи товарда ишлаб чиқариш, тузилиш, таркиб ёки бошқа нуқсонларни аниқласа, сотувчи (ишлаб чиқарувчи) уни айни шундай маркали, моделли ёки артикулли товарга 7 кун ичида алмаштириши керак. Агар товар сифатини қўшимча текшириш талаб этилса, бу муддат 20 кунгача узайтирилади.

Янги тартибга биноан, агар сотувчида айни шундай сифатли товар мавжуд бўлса, нуқсонли маҳсулот дарҳол алмаштирилади.

Сотувчи ёки ишлаб чиқарувчи нуқсонли товар сифатини қўшимча текшириши зарур бўлган ҳолатлар ҳам алоҳида белгиланади. Истеъмолчи ёки унинг вакили товар сифатини текшириш жараёнида иштирок этиш, текширув вақти ва жойи ҳақида олдиндан хабардор қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

Шунингдек, истеъмолчи товар сифатини ўз маблағи ҳисобидан мустақил равишда қўшимча текшириш имкониятига эга бўлади. Бундай текширув харажатларини сотувчи (ишлаб чиқарувчи) ёки истеъмолчи қоплаши мумкин бўлган ҳолатлар ҳам қонун билан белгиланади.

Қўшимча текширув Вазирлар Маҳкамаси белгилаган талаблар асосида ўтказилади.

Мазкур ўзгаришларга эҳтиёж истеъмолчилар мурожаатларида ҳам кўриниши қайд этилди. 2025-йилда Рақобат қўмитасига истеъмолчилардан 53 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган. Уларнинг 12 136 таси савдо соҳасига тааллуқли бўлиб, қарийб 6 мингта мурожаат нуқсонли маҳсулотлар билан боғлиқ бўлган.

Айрим ҳолатларда сотувчилар нуқсонли товарни алмаштиришни рад этган ёки пештахтада айни шундай товар мавжуд бўлишига қарамай, алмаштириш муддатини асоссиз равишда 7 кунга чўзган.

Қонун қабул қилиниши билан истеъмолчининг ҳуқуқлари мустаҳкамланиши, сотувчиларнинг товар сифатини қўшимча текшириш баҳонаси билан алмаштириш муддатини асоссиз чўзишининг олди олиниши кутилмоқда. Шунингдек, тадбиркорларнинг маҳсулот сифати учун жавобгарлиги кучайтирилади.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.