Ўзбекистонда рақамли валюта тўлов воситаси сифатида синаб кўрилади
Лойиҳа Марказий банк ва Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги назоратида амалга оширилади. Унинг мақсади рақамли тўловларнинг

Ўзбекистонда рақамли валютадан тўлов воситаси сифатида фойдаланиш синовдан ўтказилади
Ўзбекистонда ҲУМО барқарор токенини тўлов воситаси сифатида қўллаш бўйича пилот лойиҳа йўлга қўйилмоқда.
Лойиҳа Марказий банк ҳамда Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги назорати остида амалга оширилади. Унинг асосий вазифаси рақамли тўловларнинг янги шаклини амалий шароитда синаб кўришдан иборат.
Пилот доирасида 1 ҲУМО токени 1 сўмга тенг бўлади. Токенлар Ўзбекистоннинг давлат қимматли қоғозлари билан таъминланиши режалаштирилган.
ҲУМО токени орқали Ўзбекистон ҳудудида товарлар, ишлар ва хизматлар учун тўлов қилиш имконияти синовдан ўтказилади. Бундан ташқари, токенларни чиқариш, муомалага киритиш ва муомаладан чиқариш механизмлари ҳам текширилади.
Лойиҳани амалга ошириш учун банк, процессинг ва блокчейн тизимлари ўзаро интеграция қилинади. Жараёнда «ҲУМО Дигитал» МЧЖ ҳамда крипто-депозитарий, крипто-биржа ва крипто-дўкон лицензияларига эга «Астериум» АЖ иштирок этади.
Пилот лойиҳа махсус ҳуқуқий режим — «регулятор қумдони» доирасида ўтказилади. Бу янги молиявий технологияларни чекланган ва назорат қилинадиган муҳитда синаб кўриш имконини беради.
Синов давомида токенларнинг етарли даражада таъминлангани, операциялар шаффофлиги, киберхавфсизлик, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда молиявий хатарларни бошқариш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.
Марказий банк лойиҳанинг молиявий ва нархлар барқарорлигига таъсирини ҳам кузатиб боради.
Пилот лойиҳанинг дастлабки муддати 12 ой этиб белгиланган. Зарурат туғилганда у узайтирилиши мумкин, бироқ умумий муддат 3 йилдан ошмайди.
Лойиҳа якунида давлат қимматли қоғозлари билан таъминланган рақамли токендан Ўзбекистонда тўлов воситаси сифатида фойдаланиш имкониятлари ва хатарлари баҳоланади.

