Ўзбекистонда Қозоғистондан тезроқ ўсяпти, аммо тафовут қисқаргани йўқ — Жаҳон банки аҳоли жон бошига даромадлар ҳақида

Ўзбекистонда ўсиш суръати Қозоғистондагидан юқори, бироқ тафовут камайгани йўқ — Жаҳон банки аҳоли жон бошига даромадлар ҳақида
Жаҳон банки Марказий Осиёнинг иқтисодий кўрсаткичлари таҳлил қилинган янги ҳисоботни эълон қилди. Унда 2025-йил якунларига кўра, Қозоғистон ва Туркманистонда аҳоли жон бошига даромад ўртачадан юқори экани қайд этилган. Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон эса ҳозирча ўртачадан паст даромадли давлатлар сафида қолмоқда.
Шу билан бирга, Жаҳон банки мутахассислари минтақанинг барча беш давлати сўнгги 20 йил ичида камида бир поғона юқорилаган деган хулосага келган.
Жаҳон банки ҳар йили мамлакатлар иқтисодиётини аҳоли жон бошига ялпи миллий даромад (ЙМД) ҳажмига қараб тўрт гуруҳга ажратади. Бироқ бу кўрсаткични ўртача иш ҳақи ёки мамлакат аҳолиси қўлига тегадиган реал даромад билан адаштирмаслик керак. Бу ерда иқтисодиётнинг аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи миллий даромади назарда тутилади.
Ташкилот мамлакатларни таққослашда Атлас усулидан фойдаланади. Ушбу метод валюта курсларидаги кескин ўзгаришлар натижага ҳаддан ташқари таъсир қилишининг олдини олишга ёрдам беради.
ЙМДни миллий валютадан АҚШ долларига ўтказишда жорий йил ҳамда ундан олдинги икки йилдаги валюта курслари ҳисобга олинади. Бундан ташқари, мамлакатдаги ички инфляция билан халқаро инфляция ўртасидаги тафовут ҳам эътибордан четда қолмайди. Шундан сўнг доллар ҳисобидаги ЙМД йил ўртасидаги аҳоли сонига бўлинади.
Натижада миллий валютанинг қисқа муддатли кескин қадрсизланиши ёки мустаҳкамланиши мамлакатнинг халқаро рейтинглардаги ўрнига бевосита ва кескин таъсир кўрсатмайди.
Даромад гуруҳлари учун чегаралар
2025-йил ҳолатига кўра, Жаҳон банки мамлакатларни даромадлар миқдорига қараб қуйидаги гуруҳларга ажратган:
- 1,2 минг долларгача — паст даромадли;
- 1,2 минг доллардан 4,6 минг долларгача — ўртачадан паст даромадли;
- 4,6 минг доллардан 14,4 минг долларгача — ўртачадан юқори даромадли;
- 14,4 минг доллардан баланд — юқори даромадли.
Бироқ юқоридаги чегаралар ўзгармас эмас. Жаҳон банки уларни ҳар йили халқаро инфляция даражасини ҳисобга олган ҳолда қайта кўриб чиқади. Шу сабабли мамлакатда ялпи миллий даромад кўрсаткичлари ошган тақдирда ҳам бу унинг юқорироқ гуруҳга ўтишини кафолатламайди.
Дунё бўйича энг юқори ва энг паст кўрсаткичлар
Атлас усули асосидаги ҳисоб-китобларга кўра, 2025-йилда дунё бўйича аҳоли жон бошига даромад ўртача 14,2 минг долларни ташкил этган. Ушбу рўйхатда энг юқори кўрсаткич 110,3 минг доллар билан Швейсарияга тегишли бўлган. Кейинги ўринларни Норвегия (97,3 минг), Люксембург (95,7 минг), Исландия (89,2 минг) ва АҚШ (88,8 минг доллар) эгаллаган.
Энг юқори кўрсаткичга эга мамлакатларнинг кучли ўнлигига, шунингдек, Ирландия, Сингапур, Дания, Қатар ва Нидерландия кирган. Эътиборлиси, аҳоли жон бошига даромади энг юқори бўлган 10 мамлакатнинг еттитаси Европада жойлашган. Рўйхатнинг қуйи қисмида эса вазият бутунлай бошқача.
Либерия ва Сьерра Леонеда аҳоли жон бошига ЙМД 830 доллар, Нигерда 750 доллар, Конго Демократик Республикасида 720 доллар, Сомалида эса 640 долларни ташкил этган. Маълумотларга кўра, бундан ҳам пастроқ кўрсаткичлар Малави, Мозамбик, Марказий Африка Республикаси, Мадагаскар ва Бурундида қайд этилган. Бу рўйхатнинг энг қуйи поғоналаридан жой олган 11 давлатнинг 10 таси Африка қитъасига мансуб.
Олти мамлакат юқорироқ даромад гуруҳига кўтарилди
Жаҳон банкининг сўнгги ҳисоботига кўра, бир вақтнинг ўзида олтита давлат юқорироқ даромад гуруҳига ўтган. Эътиборлиси, ҳеч бир мамлакат қуйи гуруҳга тушиб кетмаган. Иордания, Микронезия, Филиппин, Шри Ланка ва Вьетнам ўртачадан паст даромадли гуруҳдан ўртачадан юқори даромадли гуруҳга кўтарилган. Того эса паст даромадли гуруҳдан ўртачадан паст даромадли гуруҳга ўтган. Бундай ўзгаришлар турли сабаблар билан изоҳланади.
Вьетнамда иқтисодиёт, хусусан, экспортнинг тез ўсиши асосий омиллардан бири бўлган. Иорданияда миллий ҳисоб-китобларнинг қайта кўриб чиқилиши муҳим рол ўйнаган. Тогода эса аҳоли сонига оид маълумотлар аниқлаштирилгач, жон бошига ҳисобланадиган ЙМД кўрсаткичларида сезиларли ўзгаришлар юз берган.
Таҳлиллар узоқ муддатли тенденсия ижобий йўналишда шаклланаётганини кўрсатган. Жаҳон банки маълумотларига кўра, 1987-йилдан буён паст даромадли давлатларнинг глобал иқтисодиётдаги улуши қарийб 30 фоиздан 11 фоизгача камайган.
Марказий Осиёдаги ҳолат
Минтақанинг беш давлати ҳам 2025-йилги кўрсаткичлар бўйича таснифланган. Унга кўра, ЙМД бўйича энг юқори натижа 13,7 минг доллар билан Қозоғистонда қайд этилган. Кейинги ўринларни Туркманистон (6,3 минг), Ўзбекистон (3,7 минг), Қирғизистон (2,8 минг) ва Тожикистон (2,1 минг) эгаллаган.
Даромад гуруҳлари бўйича минтақа давлатлари орасида икки хил манзара кузатилган. Қозоғистон ва Туркманистон ўртачадан юқори даромадли мамлакатлар гуруҳига кирган. Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон эса ўртачадан паст даромадли мамлакатлар қаторида қолмоқда.
Марказий Осиё бир поғона юқорилади: бунга 20 йил кетди
Минтақанинг бугунги иқтисодий ҳолати 20 йил аввалги вазият билан солиштирилса, янада қизиқарли манзара юзага келади. Масалан, 2005-йилда Қозоғистон ва Туркманистон ўртачадан паст даромадли мамлакатлар гуруҳида бўлган. Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон эса ўша пайтда паст даромадли давлатлар сафида эди.
Орадан 20 йил ўтгач, Қозоғистон ва Туркманистон ўртачадан юқори даромадли давлатлар қаторига қўшилди. Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон эса ўртачадан паст даромадли гуруҳга чиқди. Шундай қилиб, 2005-йилдан 2025-йилгача бўлган даврда Марказий Осиёнинг беш давлати ҳам Жаҳон банки таснифига кўра бир поғона юқорилаган.
Қозоғистон — минтақанинг энг йирик иқтисодиёти
Қозоғистон аҳоли жон бошига даромаддан ташқари, иқтисодиётнинг умумий ҳажми бўйича ҳам Марказий Осиёда яққол етакчи бўлиб қолмоқда. Жаҳон банки маълумотларига кўра, мамлакатнинг ЙИМ кўрсаткичи 306,2 миллиард долларни ташкил этган. Қўшни Ўзбекистонда бу кўрсаткич 147 миллиард доллар бўлган. (Жорий йил якунида бу 167–180 миллиард долларга етиши кутилмоқда).
Қолган мамлакатларда эса:
Туркманистон — 49,8 миллиард доллар;
Қирғизистон — 22,6 миллиард доллар;
Тожикистон — 17,7 миллиард доллар.
Бешала давлатнинг умумий ЙИМ миқдори тахминан 543,4 миллиард долларни ташкил этган. Унинг 56,4 фоизи Қозоғистон ҳиссасига тўғри келган. Ўзбекистон билан қўшиб ҳисоблаганда эса бу иккиси умумий ЙИМнинг 83,4 фоизини яратган. Мазкур рақамлар Остона ҳамда Тошкентнинг минтақа иқтисодиётидаги ўрнини кўрсатади.
Ўзбекистон тез ўсмоқда, аммо фарқ қисқармаяпти
Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий тафовут, аҳоли жон бошига ялпи миллий даромад нуқтайи назаридан қаралганда, янада жиддийроқ кўринади. 2005-йилда Қозоғистонда аҳоли жон бошига ЙМД 2,8 минг долларни, Ўзбекистонда эса 520 долларни ташкил этган. Сўнгги 20 йил давомида Остона бу кўрсаткични 5 баробар, Тошкент эса 7 баробар оширишга эришган. Бироқ умумий кўрсаткичлар бўйича Қозоғистон ҳануз катта устунликка эга.
Сўнгги 10 йиллик ҳолатга қаралса, бироз бошқача манзара кўринади. 2015-йилга нисбатан аҳоли жон бошига ЙМД Қозоғистонда 24,5 фоизга, Ўзбекистонда эса 15,8 фоизга ошган. Баъзи мутахассислар буни Тошкент 2017-йилда валюта ислоҳотини ўтказгани, натижада расмий курс бўйича долларда ҳисобланган даромад кўрсаткичи сунъий равишда пасайиб кетгани билан изоҳлайди.
Аммо охирги беш йилда вазият яна ўзгарган. 2020-йилга нисбатан аҳоли жон бошига ЙМД Қозоғистонда 64 фоизга, Ўзбекистонда эса 75,6 фоизга ошди. Бундан келиб чиқадики, сўнгги беш йиллик даврда Ўзбекистон Қозоғистонга қараганда юқорироқ ўсиш суръатини қайд этган. Хусусан, 2025-йилда Қозоғистон аҳоли жон бошига ЙМД бўйича 13,6 фоиз, Ўзбекистон эса 15,8 фоиз ўсишга эришган.
Бироқ бу Қозоғистон билан мутлақ тафовут қисқарганини англатмайди. Аксинча, икки давлат ўртасидаги фарқ 2024-йилдаги 8,9 минг доллардан 2025-йилда 10,1 минг долларгача ошган. Натижада 2025-йилда қозоғистонликларнинг аҳоли жон бошига даромади 13,7 минг долларни, ўзбекистонликларники эса 3,7 минг долларни ташкил этган. Яъни Қозоғистондаги кўрсаткич Ўзбекистондагидан қарийб 3,7 баробар юқори. Бир қарашда англашилмовчиликдек туюлган бу ҳолатни Қозоғистон иқтисоди каттароқ базадан ўсаётгани, қолаверса, Ўзбекистонда аҳоли сони қўшнисига нисбатан тезроқ кўпайиб бораётгани билан изоҳлаш мумкин.
Ўзбекистон учун кейинги марра — ўртачадан юқори даромадли давлатлар гуруҳи
Жаҳон банки эълон қилган маълумотлар Ўзбекистон сўнгги йилларда сезиларли иқтисодий ўсишни бошдан кечираётганини кўрсатади. 20 йил ичида мамлакат аҳоли жон бошига ЙМДни 7 баробар ошириб, паст даромадли давлат мақомидан ўртачадан паст даромадли давлатлар гуруҳига кўтарилди.
Энди мамлакат учун навбатдаги муҳим босқич — ўртачадан юқори даромадли давлатлар гуруҳига кириш. Бунинг учун аҳоли жон бошига ЙМД амалдаги 4,6 минг долларлик чегарадан ошиши керак. Ҳозирги кўрсаткич эса 3,7 минг доллар.
Демак, бугунги чегаралар ўзгармаган тақдирда, Ўзбекистон кейинги даромад гуруҳига ўтиши учун аҳоли жон бошига ЙМДни яна камида 900 долларга ошириши керак. Аммо бу чегара келгуси йилларда ўзгариши мумкинлигини ҳам ҳисобга олиш зарур. Жаҳон банки даромад гуруҳлари чегараларини ҳар йили халқаро инфляция асосида янгилаб боради.
Минтақанинг кейинги йўналишини нима белгилайди?
Умуман олганда, Жаҳон банкининг 2025-йилги маълумотлари Марказий Осиёда иқтисодий ўсиш давом этаётганини кўрсатади. Беш давлатнинг барчаси сўнгги 20 йил ичида даромад таснифи бўйича бир поғона юқорилаган.
Қозоғистон эса ҳам иқтисодиётнинг умумий ҳажми, ҳам аҳоли жон бошига ЙМД бўйича етакчилигини сақлаб қолмоқда. Мамлакат юқори даромадли давлатлар гуруҳига ўтиш чегарасига жуда яқинлашган. Ўзбекистон эса сўнгги беш йил ва 2025-йилнинг ўзида Қозоғистондан юқорироқ ўсиш суръатини қайд этган. Шунга қарамай, икки давлат ўртасидаги аҳоли жон бошига ЙМД бўйича тафовут 2025-йилда яна ошган.
Шу боис Ўзбекистон учун асосий масала нафақат иқтисодиётнинг тез ўсиши, балки аҳоли жон бошига даромаднинг барқарор ва узоқ муддатли суръатларда оширилиши бўлиб қолмоқда. Келгуси йилларда Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги масофа қисқарадими ёки аксинча, сақланиб қоладими — бу, аввало, ҳар икки мамлакатда даромадлар ўсиши қанчалик барқарор бўлишига боғлиқ.

