Маҳаллий

Ўзбекистонда қизамиқнинг оғир асоратига қарши янги даволаш усули жорий этилди

Ўзбекистонда қизамиқнинг оғир асоратига қарши янги даволаш усули йўлга қўйилди

Ўзбекистонда қизамиқнинг оғир асоратларидан бири бўлган ўткир ости склерозлашган паненсефалитни (ССПЕ) эрта аниқлаш ва беморларга ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, қизамиқ билан касалланган ҳар 100 минг нафар боланинг 4–11 нафарида кейинчалик ўткир ости склерозлашган паненсефалит ривожланиши мумкин.

ССВ видеолавҳасида айтилишича, 2025-йил 3-ноябрдаги президент қарорига мувофиқ, болаларни махсус дори воситалари ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан бепул таъминлаш учун зарур маблағ ажратилмоқда. Тиббиёт муассасаларида эса касалликни ташхислаш ва даволаш имкониятлари кенгайтирилиб, бунинг учун зарур шароитлар яратилган.

Мутахассислар маълум қилишича, невролог, вирусолог ва иммунологлар иштирокида беморларни даволаш ҳамда реабилитация қилиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Улар Болалар миллий тиббиёт марказидан ташқари 13 та ҳудудда ҳам қўлланмоқда.

Шунингдек, Болалар миллий тиббиёт марказида 2026-йил бошидан Оммая резервуари орқали даволаш усули жорий этилган.

“Марказимизда дунёда тан олинган замонавий даволаш методларидан бири — Оммая резервуари, яъни бош мия орқали дори юбориш усулини йил бошидан бери жорий қилдик”, деди марказ мутахассиси.

Ҳозирда Болалар миллий тиббиёт маркази ва ҳудудлардаги кўп тармоқли болалар тиббиёт марказларида бемор болалар учун стационар ўринлар ташкил этилган ва уларга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

ССВга кўра, касалликни келтириб чиқарувчи вирусни тез ва аниқ ташхислаш бўйича илмий тадқиқотлар ҳам давом этмоқда. Тошкент шаҳри билан бирга ҳудудларда ҳам касалликни ташхислаш учун шароитлар яратилган, мутахассислар тайёрланмоқда.

Сўнгги бир йил давомида ҳудудларда бирламчи тиббий бўғин ва стационарларда ишловчи шифокорлар учун ўқувлар ташкил этилган. Шунингдек, Болалар миллий тиббиёт маркази мутахассислари телемедицина орқали беморларга маслаҳат бермоқда.

Мутахассислар касалликни даволаш қийин эканини таъкидлаб, унинг олдини олишда қизамиққа қарши ўз вақтида эмланиш муҳимлигини қайд этди.

“Бу касалликни даволаш ниҳоятда қийин, лекин унинг олдини олиш жуда ҳам осон. Шу боис ота-оналаримизни эҳтиёт ва ҳушёр бўлишга, болаларни қизамиққа қарши ўз вақтида эмлатишга чақирамиз”, деди мутахассис.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.