Маҳаллий

Ўзбекистонда наркожиноятлар орқали олинган даромадларни легаллаштиришга қарши янги чоралар таклиф қилинди

Ўзбекистонда гиёҳвандлик жиноятлари орқали топилган пулларни қонунийлаштиришга қарши курашиш учун янги чоралар таклиф этилмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 11-августдаги мажлисида биринчи ўқишда кўриб чиқилган “Наркотиклар ва кучли таъсир қилувчи моддалар тўғрисида”ги қонун лойиҳасида айтилган.

Ушбу ҳужжат наркотик ва кучли таъсир қилувчи моддалар муомаласини самарали тартибга солиш, гиёҳвандлик ва наркожиноятларнинг олдини олиш, аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш ҳамда бу борада давлат органлари ҳамкорлигини мустаҳкамлашга қаратилган.

Қонун лойиҳаси наркотиклар, кучли таъсир қилувчи моддалар ва прекурсорлар муомаласини, шунингдек, гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш соҳасини комплекс тартибга солишни назарда тутади. Ҳужжатда “наркотиклар”, “наркожиноят”, “нарковазият”, “гиёҳвандликка қарши курашиш”, “наркожиноятларга қарши курашиш” ва “ғайриқонуний нарколаборатория” каби тушунчаларга ҳуқуқий таъриф бериш кўзда тутилган.

Шунингдек, наркотиклар, кучли таъсир қилувчи моддалар ва прекурсорлар муомаласини назорат қилиш ҳамда гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш соҳасида давлат органлари ва ташкилотларининг ваколатларини аниқлаштириш таклиф қилинмоқда. Бу йўналишдаги давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикасининг Наркотиклар устидан назорат қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан амалга оширилиши белгиланмоқда.

Қонун лойиҳасида наркожиноятларнинг янги, хусусан, интернет орқали содир этилаётган усулларига қарши курашиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Масъул давлат органларига ноқонуний нарколабораторияларни аниқлаш ва уларнинг фаолиятига чек қўйиш, наркотикларнинг ноқонуний муомаласи каналларини бартараф этиш бўйича тезкор-қидирув ва бошқа чораларни амалга ошириш юзасидан аниқ вазифалар юклатилмоқда.

Ҳужжатда наркотиклар муомаласини назорат қилиш билан бир қаторда гиёҳвандликнинг олдини олишга қаратилган профилактика чораларини кучайтириш ҳам кўзда тутилган. Жумладан, аҳоли, айниқса ёшлар ва хотин-қизларда гиёҳвандликка қарши иммунитетни шакллантириш, таълим муассасаларида наркотиклар тарқалишининг олдини олиш, наркологик ёрдам, профилактика, диагностика, даволаш ва тиббий-ижтимоий реабилитация тизимини такомиллаштириш бўйича вазифалар белгиланмоқда.

Бундан ташқари, наркожиноятлардан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши янги механизмларни жорий этиш таклиф қилинмоқда. Хусусан, наркожиноят содир этган ёки наркожиноятлар натижасида олинган даромадларни легаллаштириш мақсадида молиявий операцияларни амалга оширган юридик шахсни суд қарорига асосан тугатиш мумкинлиги белгиланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2026-йил 11-июн куни Ўзбекистондаги айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, наркотиклар билан боғлиқ жиноятлар учун жавобгарлик кучайтирилгани ҳақида хабар берилганди. Қонун билан яширин нарколаборатория ёки бангихона ташкил этиш, наркожиноятларга ҳомийлик қилиш, наркотикларни трансмиллий усулда ёки интернет ёрдамида тарқатганлик учун жавобгарлик кучайтирилади.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш учун cookie файлларидан фойдаланамиз. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сиз қабул қилмагунингизча ҳеч нарса ўлчанмайди.