Ўзбекистонда муддатли тўлов бозори тартибга солинади
2027-йил 1-январдан Ўзбекистонда муддатли тўлов хизмати операторлари фаолияти йўлга қўйилади. Уларнинг фаолияти Марказий банк томонидан шакллантириладиган махсус реестр орқали тартибга солинади.

Ўзбекистонда муддатли тўлов бозорини тартибга солиш мақсадида Президентнинг 2023-йил 14-августдаги "Аҳолига муддатли тўлов хизматлари кўрсатилишини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ–294-сонли қарори қабул қилинди.
Ушбу қарорга мувофиқ, 2027-йил 1-январдан бошлаб муддатли тўлов хизмати операторлари фаолияти йўлга қўйилади. Бунда банклар ва микромолия ташкилотларидан ташқари, муддатли тўлов хизматини кўрсатувчи барча юридик шахслар муддатли тўлов хизмати оператори сифатида эътироф этилади.
Юридик шахслар муддатли тўлов хизматларини кўрсатиш ҳуқуқига фақат Марказий банк томонидан шакллантириладиган Муддатли тўлов хизмати оператори фаолиятини амалга оширувчи ташкилотлар реестрига киритилганидан сўнг эга бўладилар. Банклар ва микромолия ташкилотлари Марказий банкни хабардор қилиш орқали, бошқа юридик шахслар эса Марказий банкда ҳисоб рўйхатидан ўтиш орқали мазкур реестрга киритилади.
Қарорга кўра, кўчмас мулк, шунингдек, қонунчиликка мувофиқ муомаладан чиқарилган ёки муомалада бўлиши чекланган бошқа мулклар муддатли тўлов хизмати объекти бўлиши мумкин эмас.
Шунингдек, қарор билан муддатли тўлов хизмати операторлари фаолиятига бир қатор чекловлар белгиланди. Хусусан, уларга молиявий истеъмол кредитларини ажратиш ҳамда жисмоний шахслардан пул маблағларини жалб қилиш тақиқланади.
Бундан ташқари, операторларга муддатли тўлов хизматларини кўрсатиш шартномалари бўйича талаб қилиш ҳуқуқидан фақат бошқа муддатли тўлов хизмати оператори, микромолия ташкилоти ёки банк фойдасига воз кечишга рухсат берилади.

