Ўзбекистонда маркировкалаш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик енгиллаштирилади

Ўзбекистонда маркировкалаш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик енгиллаштирилади
Ўзбекистонда маркировкалаш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик чоралари юмшатилади. Бу президентнинг тадбиркорлар билан ВИ очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар ҳақидаги фармонда қайд этилди.
Ҳужжатга мувофиқ, 2026-йил ноябр ойигача тегишли қонун лойиҳаси тайёрланади. Унда қуйидагилар назарда тутилади:
- чакана савдо ва умумий овқатланиш соҳасидаги тадбиркорлик субьектларида мажбурий рақамли маркировкалаш қоидаларини бузганлик учун қўлланадиган жарималарни қатъий миқдорда белгилаш;
- маркировкалаш қоидалари бузилгани аниқланганда биринчи марта огоҳлантириш тартибини жорий этиш.
Вазирлар Маҳкамаси, Солиқ қўмитаси, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатаси ушбу вазифани бажаришга масъул этиб белгиланди.
Амалдаги тартибга кўра, мажбурий рақамли маркировкалаш қоидаларини бузганлик учун охирги ҳисобот чорагидаги соф тушумнинг 2 фоизи миқдорида жарима қўлланади. Агар айни шу ҳуқуқбузарлик жарима қўлланганидан кейин бир йил ичида такрорланса, жарима 20 фоизни ташкил этади.
Фармонда меҳмонхона ва умумий овқатланиш хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлар учун ҳам маркировкалашга оид алоҳида тартиб кўзда тутилган. Унга кўра, бундай тадбиркорлар сув ва салқин ичимликлар, пиво ҳамда тамаки маҳсулотларини харид қилганда, уларнинг рақамли маркировка кодлари корхона томонидан якуний истеъмолчига реализация қилинган деб ҳисобланади.

