Ўзбекистонда маданият марказларига китоб сотиш ваколати берилиши мумкин

Ўзбекистонда маданият марказларига китоб сотиш ҳуқуқи берилиши мумкин. Бу таклиф Вазирлар Маҳкамасининг “Кутубхоналар фаолиятини 2030-йилгача ривожлантириш ва китоб савдоси тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори лойиҳасида ўз аксини топган.
Лойиҳага кўра, Маданият вазирлиги 2027-йил 25-апрелга қадар маданият марказларининг низомини ишлаб чиқиб, тасдиқлаши лозим. Ушбу низомда маданият марказларига китоб савдоси билан шуғулланиш ваколатини бериш ҳамда китоб савдосини самарали ташкил этган ходимларни қўшимча моддий рағбатлантириш механизми белгиланиши кўзда тутилган.
Китоб савдосини ҳудудлардаги туман ва шаҳар маданият марказларида босқичма-босқич йўлга қўйиш режалаштирилган. Бунинг учун манзилли рўйхат тузилиб, савдо тизими режа асосида ташкил этилади. Китоб савдосини самарали ташкил қилган ходимларни рағбатлантириш ҳар олти ойда бир марта амалга оширилиши назарда тутилган.
Лойиҳанинг асосий йўналишларидан бири кутубхоналар фаолиятини ривожлантириш билан бирга китоб савдоси тизимини такомиллаштиришдан иборат. Ҳужжатда янги адабиётларни ҳудудларда муаллифлар иштирокида тарғиб қилиш, энг кўп ўқилган китоблар муаллифларини қўшимча молиявий рағбатлантириш ва китобхонликни кенгайтиришга қаратилган бошқа чоралар ҳам белгиланган.
Шунингдек, 2027-йилдан бошлаб ҳар йили март ойида “Китоб карвони” аксияларини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Ушбу аксиялар доирасида таълим муассасалари, кутубхоналар ва маҳаллаларга адабий-маърифий мавзудаги китобларни бепул етказиб бериш кўзда тутилган.
Аввалроқ Тошкент шаҳридаги 12 та туманнинг ҳар бирида йирик, интерактив ва замонавий кутубхона қурилиши режалаштирилгани ҳақида хабар берилганди. Пойтахт ҳокими Шавкат Умурзоқовнинг сўзларига кўра, кутубхоналар шунчаки китоб сақланадиган бинолар эмас, балки йилига миллионлаб одам ташриф буюрадиган жамоат масканларига айлантирилиши кўзда тутилган.

