Маҳаллий

Ўзбекистонда кузги мавсумида 140 млн туп кўчат экилади

Ўзбекистонда ъЯшил маконъ умуммиллий лойиҳасининг кузги мавсуми доирасида 140 миллион туп кўчат экилади. Кўчат экиш тадбирлари 1-ноябрдан ҳудудлар бўйича босқичма-босқич бошланади. Маҳаллаларда микроўрмонлар ва ъЯшил лотъ тизими жорий этилади.

Ўзбекистонда кузги мавсумда 140 млн туп кўчат экилади

Ўзбекистонда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 2026-йил кузги мавсумида 140 миллион туп кўчат экиш режалаштирилган. Бу ҳақда Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги маълум қилди.

Қайд этилишича, президентнинг 2026-йил 23-сентабрдаги ““Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда маҳаллалар ролини кучайтириш ва ҳудудларнинг яшиллик даражасини тубдан оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги 206-сонли фармонига мувофиқ, кузги кўчат экиш ишлари янги ёндашувлар асосида ташкил этилмоқда.

“3−30−300” халқаро стандарти жорий этилиб, куз-қиш ойларидаги намлик даражаси кўкарувчанликни ошириши инобатга олинган ҳолда республика бўйича 140 миллион туп кўчат экиш белгиланган.

Кўчат экиш мавсуми ҳудудларнинг иқлим шароитидан келиб чиқиб қуйидаги муддатларда бошланади:

1-ноябрдан: Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида;

5-ноябрдан: Бухоро ва Навоий вилоятларида;

10-ноябрдан: Андижон, Жиззах, Самарқанд, Сирдарё, Наманган, Тошкент, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳрида;

20-ноябрдан: Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида.

Аҳоли учун қулай экологик муҳит яратиш мақсадида 2026-йил куз мавсумида 257 та “Яшил боғ” ва “Яшил жамоат парки” барпо этилади, 2030-йилга қадар уларнинг сони 1023 тага етказилади.

Шунингдек, 2030-йилга қадар ҳар бир туман ва шаҳарда камида 5 тадан, узунлиги 10 километрдан кам бўлмаган сояли сайр кўчалари ташкил этилади. 2026-йил учун 1-ноябрга қадар, кейинчалик эса ҳар йили 1-мартгача туман ва шаҳарларнинг яшил дастурлари ишлаб чиқилади. Уларда ёмғир, қор ва оқова сувларни тўплаб қайта ишлайдиган сув тежовчи суғориш тизимлари назарда тутилади.

Кўчатларни парваришлаш ва маҳаллалар талабини шакллантириш бўйича янги механизмлар жорий этилди. 2026-йил 1-октабрдан бошлаб аҳоли ва маҳалла еттилигига кўмаклашиш учун 4200 нафарга яқин “ўрмончи мураббий” республикадаги 8992 та маҳаллага бириктирилди.

2027-йил 1-январдан “Маҳалла — ислоҳотлар буюртмачиси” тамойили асосида “Маҳаллани яшиллаштириш” пакети жорий этилади. Ажратиладиган маблағлар Маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жамғармасига ўтказилади. Ўрмон агентлиги маҳаллалар буюртмаси асосида “Яшил — маҳалла” дастури доирасида кўчатларни етказиб бериш, касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилиш ҳамда суғориш воситалари билан таъминлаш хизматларини кўрсатади.

Ер майдони чекланган маҳаллаларда, кўп квартирали уйлар орасида, мактаб ва боғчалар ҳовлисида маҳалла микроўрмонлари ташкил этилади. Ер ажратиш имкони бўлмаган ёки бетон ва асфалт қопламали ҳудудларда кичик жамоат боғлари яратилади.

Бундан ташқари, 2027-йил 1-январдан аҳоли ва тадбиркорлар ташаббуси билан “Яшил лот” тизими йўлга қўйилади. Мавжуд ер участкалари жисмоний ва юридик шахсларга шартнома асосида ном бериш орқали “яшил боғ” барпо этиш учун ажратилади. Бунда ерлар мулк сифатида берилмайди, уларда қурилиш ва конструксия ўрнатиш тақиқланади.

21 сентябр куни президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида ўтказилган тақдимотда “Яшил макон” лойиҳасида тротуарлар ва гавжум жойларни кўкаламзорлаштиришга устувор аҳамият берилиши айтилганди.

Унда, шунингдек, маҳаллаларнинг “яшил рейтинги”ни жорий этиш таклифи муҳокама қилинди. Унинг асосий мезонлари яшил майдонлар улуши, аҳоли жон бошига тўғри келадиган дарахтлар сони, янги кўчатларнинг тутиб кетиш даражаси ва аҳолининг жараёндаги иштироки бўлади.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.