Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнес бепул диагностика қилинади
Тадбиркорлар компаниясидаги йўқотишлар ва самарадорлик муаммоларини аниқлаб, уларни бартараф этиш бўйича амалий ечимлар олиши мумкин

Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнес субьектлари учун бепул диагностика дастури йўлга қўйилди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабар берди. Мазкур лойиҳа Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (ГИЗ), Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти ҳамда "Интегратион" компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Дастур доирасида тадбиркорларнинг меҳнат унумдорлиги ва ресурслардан фойдаланиш самарадорлиги баҳоланади. Диагностика кичик ва ўрта корхоналарда жараёнлар унумдорлигини оширишга қаратилган тажриба-синов лойиҳаси сифатида ўтказилади.
Иштирокчилар корхонада вақт ва молиявий ресурслар йўқотилишига сабаб бўлаётган асосий муаммоларни аниқлаш имкониятига эга бўладилар. Шунингдек, мавжуд ресурслардан янада самарали фойдаланиш бўйича тавсиялар оладилар.
Диагностика жараёнида хомашё, энергия ва бошқа ресурсларни тежаш имкониятлари ҳам ўрганилади. Бу корхоналарда мавжуд харажатларни камайтириш учун қайси йўналишларга эътибор қаратиш зарурлигини аниқлашга ёрдам беради.
Тадбиркорларга маҳсулотлар таннархини пасайтириш ва уларнинг сифатини ошириш бўйича амалий ечимлар тўплами тақдим этилади. Шу орқали корхоналарда иш жараёнларини янада самарали ташкил этиш имконияти яратилади.
Дастурда иштирок этиш учун тадбиркорлар 1-сентябрга қадар рўйхатдан ўтишлари мумкин. Диагностика хизматлари иштирокчилар учун бепул амалга оширилади.

