Маҳаллий

Ўзбекистонда иш кунлари 23:00 дан 07:00 гача меъёрдан ортиқ шовқин чиқариш тақиқланди

Ўзбекистонда иш кунлари 23:00 дан 07:00 гача меъёрдан ортиқ шовқин чиқариш тақиқланди

Президент Шавкат Мирзиёев 9-сентябр куни “Аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунни имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Қонунга мувофиқ, фуқароларнинг осойишталиги ва нормал дам олишини бузадиган, шовқиннинг йўл қўйиладиган даражасидан юқори бўлган товушларга чеклов ўрнатилади. Бундай шовқинлар қаторига турар жойлардаги маиший фаолият, қурилиш майдонларидаги ишлар, қурилиш техникаси ва транспорт воситалари, шунингдек турли транспортларнинг ҳаракати натижасида юзага келадиган шовқинлар киради.

Белгиланган тартибга кўра, иш кунлари соат 23:00 дан 07:00 гача, дам олиш ва ишланмайдиган байрам кунлари эса 22:00 дан 09:00 гача шовқиннинг йўл қўйиладиган даражасидан ортиқ товуш чиқариб, фуқароларнинг осойишталигини бузишга рухсат берилмайди.

Шунингдек, шовқиннинг йўл қўйиладиган даражаси одамни сезиларли даражада безовта қилмайдиган ва инсон организмининг функсионал тизимлари ҳамда шовқинга сезгир аъзоларида жиддий ўзгаришларга олиб келмайдиган даража сифатида белгиланган. Унинг аниқ мезонлари санитария қоидалари ва нормалари асосида белгиланади.

Аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатли давлат органи сифатида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси белгиланди.

Шовқиннинг зарарли таъсири оқибатида етказилган зарар учун суд тартибида компенсация ундирилиши мумкин. Қонун расмий эълон қилинган кундан бошлаб уч ой ўтгач кучга киради.

Ўзбекистонда турар жой уйлари ва аҳоли яшаш ҳудудларида рухсат этилган шовқин даражалари қонун ҳужжатларида белгиланган. Амалдаги санитария меъёрларига кўра:

кундузи (07:00 дан 23:00 гача) — шовқин даражаси 55 дБА дан ошмаслиги лозим;

кечаси (23:00 дан 07:00 гача) — шовқин даражаси 45 дБА дан ошмаслиги керак.

Мазкур меъёрлар “Санитария қоидалари ва меъёрлари” (СанҚваМ 0008-20) ҳужжатида тасдиқланган.

Эслатиб ўтамиз, ушбу қонун 2025-йил иккинчи ярмида Олий Мажлис палаталарида кўриб чиқилганди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.