Ўзбекистонда Индонезия билан ҳамкорликда ислом молияси ва банк иши йўналишида мутахассислар тайёрланади

Ўзбекистонда Индонезия билан ҳамкорликда ислом молияси ва банк иши йўналишида мутахассислар тайёрланади
Ўзбекистон ва Индонезия ўртасида ислом молияси ҳамда банк иши йўналишида кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилади. Бу ҳақда 9-сентябр куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Индонезия ҳаж ва умра ишлари вазири Муҳаммад Ирфон Юсуф ҳамда мамлакатнинг Ўзбекистондаги элчиси Сити РуҳаИни Жуҳаятин бощилигидаги делегация билан бўлиб ўтган учрашувда маълум қилинди.
Учрашувда Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Дин ишлари бўйича қўмита ва “Вақф” хайрия жамоат фонди вакиллари қатнашди. Суҳбат бошида икки давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари туфайли ҳамкорлик алоқалари юқори босқичга кўтарилгани қайд этилди. Шунингдек, меҳмонлар Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуаси ёнида янги қурилган “Ҳадис” меҳмонхонаси очилгани билан табрикланди.
Меҳмонларга Ўзбекистондаги диний-маърифий ислоҳотлар, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Уламолар кенгаши ва Фатво маркази фаолияти ҳақида маълумот берилди. ХИВ аср охири — ХВ аср бошларида Индонезияда ислом маърифатининг ёйилишига ҳисса қўшган Иброҳим Самарқандий ва бошқа уламолар мероси икки халқни боғлаб туриши таъкидланди. Шунингдек, Индонезиянинг биринчи президенти Аҳмад Сукарно Самарқанддаги Имом Бухорий қабрини зиёрат қилгани эслатиб ўтилди.
Учрашувда ҳаж ва умра сафарларини юқори даражада ташкил этиш ҳамда бу борадаги илғор тажрибаларни алмашиш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Бундан ташқари, ислом молияси ва банк иши йўналишида мутахассислар тайёрлаш, Ўзбекистондаги “Вақф” хайрия жамоат фонди билан Индонезиядаги вақф ташкилотлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
Якунда муҳокама қилинган ташаббус ва таклифларни амалга ошириш учун масъуллар белгиланди. Меҳмонларга эсдалик совғалари топширилди.
Ўзбекистон ва Индонезия ўртасида тўғридан тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш масаласи муҳокама қилинаётгани ҳақида хабар берилганди. Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аққулов Индонезия ҳаж ва умра вазири Муҳаммад Ирфан Юсуф билан учрашган.
Томонлар туристик алмашинувни кенгайтириш, зиёрат туризмини ривожлантириш ва туроператорлар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш масалаларини муҳокама қилган. Хусусан, Тошкент—Жакарта ҳамда Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарларини Индонезия билан тўғридан тўғри боғловчи авиақатновларни йўлга қўйиш масаласи кўриб чиқилган.

