Ўзбекистонда фуқароларга давлат органлари устидан судга мурожаат қилиш имкониятлари кенгайтирилади

Ўзбекистонда фуқароларнинг давлат органлари устидан судга мурожаат қилиш имкониятлари кенгайтирилади
Шавкат Мирзиёев маъмурий одил судловни янги босқичга олиб чиқиш истиқболларига бағишланган тақдимот билан танишди.
Ўтган даврда маъмурий судлар томонидан қарийб 150 минг иш кўриб чиқилди, 70 мингдан ортиқ ҳолатда давлат органларининг ноқонуний қарорлари бекор қилинди.
Шунингдек, мансабдор шахсларнинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари бўйича юқори турувчи ёки бошқа ваколатли органларга 27 мингга яқин хусусий ажрим чиқарилди.
Бу натижалар маъмурий судлар фаолияти “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак” деган тамойил асосида шаклланганини кўрсатади. Ушбу тизим давлат органлари фаолиятида қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқаролар ва тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқларини самарали тиклашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Тақдимотда соҳани ривожлантиришнинг кейинги босқичида илғор хорижий тажриба ва замонавий талаблар асосида 15 га яқин янги ҳуқуқий институтни жорий этиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
Амалдаги тартибга кўра, фуқаролар ва тадбиркорлар ўзларининг бузилган ҳуқуқларини тиклаш учун маъмурий судларга фақат битта шаклда мурожаат қила олади.
Таклиф этилаётган ислоҳотлар натижасида эса фуқароларга ҳуқуқи бузилишидан олдин унинг ҳимоясини проактив тарзда таъминлаш учун шароит яратилади. Бунда судга мурожаат қилишнинг тўрт турдаги даъво шаклини жорий этиш назарда тутилмоқда.
Шу билан бирга, судга мурожаат қилиш учун белгиланган амалдаги олти ойлик муддат қайта кўриб чиқилади. Фуқароларга давлат органи томонидан қонунбузилиш ҳолати содир этилганлигини тан олиш юзасидан судга муддациз мурожаат қилиш имкониятини яратиш таклиф этилди.
Амалда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжати билан фуқаронинг ҳуқуқи бузилган тақдирда бундай ҳужжат устидан маъмурий судга шикоят қилиш имконияти мавжуд эмас.
Эндиликда фуқароларга маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари устидан бевосита судга шикоят қилиш ҳуқуқини бериш таклиф этилмоқда.
Шундан келиб чиқиб, маъмурий судларнинг ваколатларини кенгайтириш, уларга фуқаролар ва тадбиркорларга таъсир чораларини қўллашда давлат органлари дискрецион ваколатлардан қонуний ва асосли фойдаланганини текшириш вазифасини юклаш назарда тутилмоқда.
Суд қарорларининг сўзсиз ижросини таъминлашга қаратилган таъсирчан чоралар ҳам назарда тутилмоқда. Унга кўра, давлат органининг мансабдор шахсига суд қарорини ижро этмагани учун жарима қўлланилганидан кейин ҳам қарор такроран ижро этилмаса, суд қонуний чора кўриш учун прокурорга хабар беради.
Президент таклиф этилаётган ҳуқуқий институтлар инсон ҳуқуқлари қўпол бузилган ҳолларда уларни суд орқали самарали тиклаш, Конституцияда белгиланган мутаносиблик принсипининг амалда тўлақонли ишлашини таъминлаш, давлат идоралари масъулиятини ошириш ҳамда суд қарорларининг муқаррар ижросига хизмат қилиши кераклигини таъкидлаб, билдирилган ташаббусларни қўллаб-қувватлади.

