Ўзбекистонда энди уйларни «рассрочка»га олиб бўлмайдими?
Ижтимоий тармоқлардаги талқинлар уй-жой савдосида бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятига оид саволларни кучайтирди. Аслида янги тартиб қандай?

Ўзбекистонда уйларни муддатли тўловга олиш имконияти бутунлай бекор қилинмайди, бироқ бу борадаги тартиблар ўзгаради. Президентнинг 2026-йил 14-августдаги ПҚ–294-сон қарорига мувофиқ, 2027-йил 1-январдан бошлаб муддатли тўлов хизматлари операторларининг фаолияти тартибга солинади.
Ушбу қарорга кўра, муддатли тўлов хизматларини кўрсатувчи юридик шахслар оператор ҳисобланади. Улар истеъмолчиларга товар ёки хизматларни муддатли тўлов асосида олиш имкониятини воситачи сифатида тақдим этади.
Қарорнинг 3-банди «д» кичик бандида кўчмас мулк операторлар томонидан кўрсатиладиган муддатли тўлов хизматининг обьекти бўла олмаслиги белгиланган. Бу эса воситачи операторлар орқали уй-жойни муддатли тўловга олиш имкониятини истисно этади.
Бироқ, бу қоида уй-жойни бўлиб-бўлиб тўлаш асосида сотишни тўлиқ тақиқламайди. Қарорнинг 3-банди «а» кичик бандида сотувчи томонидан истеъмолчига товарни тўғридан-тўғри сотиш ҳолатлари муддатли тўлов хизмати тушунчасидан мустасно қилинган.
Демак, қурувчи ўзи қурган уй-жойни харидорга бевосита бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотиши мумкин. Янги тартиб қурувчи ва харидор ўртасидаги тўғридан-тўғри савдога чеклов қўймайди.
Шу сабабли, ижтимоий тармоқларда тарқалган "энди уйни муддатли тўловга олиб бўлмайди" деган хабарлар тўлиқ тўғри эмас. Чеклов фақат муддатли тўлов операторлари орқали кўчмас мулкни молиялаштиришга тааллуқли.
Янги тартибга кўра, муддатли тўлов операторлари махсус реестрга киритилади ва уларнинг фаолияти Марказий банк назорати остида бўлади. Шунингдек, операторлар билан тузиладиган шартномалар, устама ва комиссияларга нисбатан аниқ талаблар белгиланади.
Хулоса қилиб айтганда, 2027-йилдан бошлаб операторлар орқали уй-жойни муддатли тўловга олиш чекланади, аммо қурувчининг харидорга уйни бевосита бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотиши имконияти сақланиб қолади.

