Ўзбекистонда электричка ва шаҳарлараро автобусларда нақд пулдан воз кечиш режа қилинмоқда
Транспорт вазирлиги шаҳар атрофи поездлари, шаҳар атрофи ва шаҳарлараро автобусларни босқичма-босқич нақд пулсиз тўловга ўтказишни таклиф қилди. 2027-йилдан электрон чипталарни камида 20 фоизга арзонлаштириш, 2030-йилдан эса ушбу йўналишларда нақд ҳисоб-китоблардан тўлиқ воз кечиш кўзда тутилмоқда.

Ўзбекистонда электричка ва шаҳарлараро автобусларда нақд пулдан воз кечиш режалаштирилмоқда
Ўзбекистон Транспорт вазирлиги йўловчи ташишда нақд пулсиз тўловга босқичма-босқич ўтишни кўзда тутувчи президент қарори лойиҳасини тайёрлади. 2030-йилгача мўлжалланган ички йўловчи ташишни комплекс ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш ҳақидаги ҳужжат жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Лойиҳага кўра, 2030-йил 1-январдан бошлаб шаҳар атрофи йўловчи поездлари, шунингдек, шаҳар атрофи ва шаҳарлараро автобусларда йўл ҳақини нақд пулда тўлашдан тўлиқ воз кечиш таклиф этилмоқда. Тўловлар фақат нақд пулсиз шаклда амалга оширилиши керак бўлади.
Чора-тадбирлар дастурида таъкидланишича, ҳозир ушбу йўналишларда йўловчиларнинг қарийб 70 фоизи йўл ҳақини нақд пулда тўлайди. 2030-йилга бориб бу кўрсаткични нолга тушириш ва 100 фоиз электрон тўловга ўтиш режалаштирилган.
Нақд пулсиз ҳисоб-китобларни рағбатлантириш учун электрон чипта харид қиладиган йўловчиларга йўл ҳақини вақтинча арзонлаштириш таклиф қилинмоқда.
Лойиҳанинг асосий матнига кўра, 2027-йил 1-январдан 2029-йил 31-декабргача шаҳар атрофи поездлари, шаҳар атрофи ва шаҳарлараро автобусларда электрон чипта олинганда камида 20 фоиз чегирма берилиши лозим.
Янги тартибни жорий этиш учун Транспорт вазирлигига Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда “Ўзбекистон темир йўллари” компанияси билан бирга тариф қоидалари, ҳисоб-китоб тартиби ва ташувчиларга чегирмаларни қоплаш механизмларини ишлаб чиқиш вазифаси юкланмоқда.
Ташаббуснинг мақсади — электрон чипталардан фойдаланишни рағбатлантириш, йўловчи ташиш бўйича шаффоф ҳисоб-китобни йўлга қўйиш ҳамда транспорт соҳасидаги яширин иқтисодиёт улушини камайтиришдир.
Эътиборга молик жиҳати шундаки, тадбирлар дастурида чегирмаларни жорий этиш қўшимча молиялаштиришни талаб қилмаслиги қайд этилган. Шу билан бирга, ҳужжат компенсация механизмини ишлаб чиқишни назарда туца-да, ташувчиларга етмай қоладиган даромадлар айнан қайси маблағлар ҳисобидан қопланиши очиқланмаган.
Лойиҳада узоқ масофага қатновчи поезд йўловчилари учун ҳам қўшимча имтиёз кўзда тутилган.
Бундай поездга электрон чипта харид қилган фуқароларга асосий поезд жўнаб кетишидан 12 соат олдин ва манзилга етиб боргандан кейин 12 соат давомида тегишли ҳудуддаги шаҳар атрофи поездлари, яъни электричкалардан бепул фойдаланишга рухсат бериш таклиф қилинмоқда.
Транспорт вазирлиги ва “Ўзбекистон темир йўллари” ушбу имтиёзни тақдим этиш тартибини 2027-йил 1-сентабрга қадар ишлаб чиқиши ва амалиётга жорий этиши шарт.
Бу чора шаҳар атрофи поездларининг бандлигини ошириш ҳамда темирйўл йўналишлари ўртасида транспорт алмашинувини енгиллаштиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Тошкент шаҳридаги шаҳар автобусларида нақд пул қабул қилиш амалиёти 2025-йил 1-январдан бошлаб тўхтатилган эди.
Ҳайдовчига тўлов қилиш ўрнига йўловчиларга банк ва АТТО транспорт карталари, мобил иловалар ёки инфокиосклар орқали ҚР кодли бир марталик чипталар харид қилиш имконияти яратилган.

