Маҳаллий

Ўзбекистонда доимий яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни вақтинча бошпана билан таъминлаш тартиби белгиланди

Ўзбекистонда доимий яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни вақтинча бошпана билан таъминлаш тартиби белгиланди. Бу ҳукуматнинг 18-августдаги қарори билан тасдиқланган маъмурий регламентда назарда тутилган.

Унга кўра, бундай шахслар Вақтинча бошпана ва ижтимоий мослашув марказларига жойлаштирилади. Марказларга фуқароларнинг ўзи мурожаат қилиши, маҳалла, ички ишлар органлари ёки бошқа ваколатли ташкилотлар томонидан аниқланган шахслар тўғрисида маълумот тақдим этилиши мумкин.

Марказларда шахсларга вақтинча бошпана ва маиший шароит яратиш, тиббий кўрикдан ўтказиш, зарур ҳолларда даволанишга йўналтириш, пенсия, нафақа ва бошқа ижтимоий тўловларни расмийлаштиришга кўмаклашиш кўзда тутилган. Шунингдек, паспорт ёки ИД-карта каби ҳужжатларни тиклаш, қариндошларини аниқлаш, ишга жойлашиш ва айрим ҳолларда уй-жой масаласини ҳал этишга кўмак бериш ҳам назарда тутилади.

Шахслар марказга жойлаштирилгач, уларнинг маълумотлари тегишли ахборот тизимларига киритилади. Ижтимоий хизматлар маркази ходимлари томонидан шахснинг ҳолати ўрганилиб, зарур ёрдам чораларини ўз ичига олган индивидуал ижтимоий мослашув режаси ишлаб чиқилади.

Қарорда марказда қолиш муддатлари ҳам белгиланган. Дастлаб шахс 20 кунгача муддатга жойлаштирилиши мумкин. Заруратга қараб, қонунчиликда белгиланган тартибда унинг марказда қолиш муддати узайтирилади.

Шунингдек, шахсларни ижтимоий мослаштириш жараёнини мониторинг қилиш, амалга оширилган ишлар бўйича маълумотларни шакллантириш ва масъул ходимларнинг жавобгарлигини белгилаш механизмлари жорий этилади.

Мазкур тартиб муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни аниқлашдан бошлаб, уларни вақтинча жойлаштириш, зарур ижтимоий ва тиббий ёрдам кўрсатиш ҳамда мустақил ҳаётга қайтишига кўмаклашиш жараёнларини ягона тизим асосида ташкил этишга қаратилган.

3-август куни президент муайян яшаш жойига эга бўлмаган ҳамда одам савдосидан жабрланган шахсларни қўллаб-қувватлаш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишганди. Мажлисда республика бўйича 726 ўринга мўлжалланган 11 та реабилитация маркази фаолият юритаётгани қайд этилган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.