Ўзбекистонда деҳқон хўжалиги ва томорқасидан юқори даромад олувчиларга ер солиғининг 90 фоизи қайтарилади
Ўзбекистонда 2027-йилдан бошлаб деҳқон хўжаликлари ва томорқа ерларида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотишдан юқори даромад олувчиларга тўланган ер солиғининг 90 фоизи маҳаллий буджетдан қайтарилади. Тартиб дастлаб Наманган вилоятида синов тариқасида жорий этилади.

Ўзбекистонда деҳқон хўжалиги ва томорқасидан юқори даромад олувчиларга ер солиғининг 90 фоизи қайтарилади
Вазирлар Маҳкамасининг 2026-йил 9-октабрдаги 547-сон қарори билан деҳқон хўжаликлари ва томорқа ерларида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотишдан юқори даромад олувчиларга тўланган ер солиғининг бир қисмини қайтариш тартиби тасдиқланди.
Қарорга кўра, 2027-йилдан бошлаб деҳқон хўжаликлари ва томорқа ерларида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотишдан юқори даромад олувчиларга буджетга тўланган ер солиғининг 90 фоизи қайтариладиган вақтинчалик низом тасдиқланди.
Бунинг учун даромад олувчи қуйидаги шартларга жавоб бериши керак:
Қарорда даромад олувчиларни аниқлаш ва солиқнинг қайтариладиган қисмини ҳисоблашда электрон маълумотлардан фойдаланиш белгиланган.
Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ерларида етиштирилган маҳсулотлар ҳажми, тури ва экин майдони, шунингдек, уларни сотишдан олинган даромад ҳақидаги маълумотлар “Онлайн маҳалла” платформасига киритилади. Бу маълумотлар “УзехАгро” электрон савдо платформасидаги маҳсулотларнинг ўртача сотиш нархлари билан бирга ҳисоб-китобларда қўлланади.
“Онлайн маҳалла” платформасига маълумотлар киритилгач, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва сотиш давом эца, маълумотлар қўшимча равишда киритиб борилиши мумкин.
Маҳсулотларнинг ўртача сотиш нархи платформага киритилган маълумотлар орасидаги энг яқин муддатда амалга оширилган битимлардан келиб чиқиб, уларнинг ўртача нархининг 80 фоизи миқдорида белгиланади.
Даромад олувчининг бир сотих ер участкасига тўғри келадиган даромади базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 бараваридан юқори бўлса, тегишли маълумотлар автоматлаштирилган дастурга юборилади. Қайтариладиган солиқ суммаси шу маълумотлар асосида ҳисобланади.
Низомда ер участкасидан ҳужжатларсиз ёки ерга бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларда кўрсатилганидан каттароқ майдонда фойдаланиш ҳолатлари ҳам назарда тутилган.
Бундай ҳолат аниқланса, ернинг ҳақиқатда фойдаланилаётган майдони билан ҳужжатларда кўрсатилган майдон ўртасидаги фарқ солиқнинг қайтариладиган қисмини ҳисоблашда инобатга олинади.
Шунингдек, даромад олувчининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотишдан олган умумий даромади, фойдаланилган ер майдони ва маҳсулотлар тури ҳисоб-китоб учун асос бўлади.
Қарорда ер солиғининг бир қисмини қайтариш жараёни бир нечта босқичда амалга оширилиши белгиланган.
Биринчидан, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари етиштирилган маҳсулотлар, экин майдони ва сотишдан олинган даромад тўғрисидаги маълумотларни “Онлайн маҳалла” платформасига киритади.
Иккинчидан, Солиқ қўмитасининг автоматлаштирилган ахборот тизими ушбу маълумотларни қайта ишлаб, қайтарилиши лозим бўлган солиқ суммасини ҳисоблайди.
Учинчидан, автоматлаштирилган дастур маълумотлари асосида уч кун муддатда қайтариладиган солиқ суммаси бўйича буюртма Ғазначиликка тақдим этилади.
Тўртинчидан, Ғазначилик буюртма келиб тушган кундан кейин уч иш кунидан кечиктирмай маблағни ўтказади. Солиқ қўмитаси маблағлар келиб тушганидан кейин бир иш куни ичида уларни ваколатли банкда очилган ҳисобвараққа ўтказади ва даромад олувчилар реестрини тақдим этади.
Бешинчидан, ваколатли банк маблағларни солиқ органларининг махсус мобил иловасида кўрсатилган даромад олувчиларнинг банк карталарига бир иш кунида ўтказади.
Агар даромад олувчи солиқнинг бир қисмини қайтариш учун тақдим этган маълумотлари ва ҳужжатлари белгиланган талабларга мувофиқ бўлмаса, қайтариш рад этилиши мумкин. Бунда рад этиш сабаблари ҳақида хабар берилади. Даромад олувчи эса қонунчиликда белгиланган тартибда юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилиши мумкин.
Қарорга мувофиқ, янги тартиб 2027-йилда Наманган вилоятида жорий этилади. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги синов натижаларини таҳлил қилиб, ушбу механизмни республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам жорий этиш бўйича 2028-йил 1-февралга қадар Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиши керак.
Қарорни амалга ошириш учун зарур дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш билан боғлиқ харажатлар Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг махсус жамғармаси ҳисобидан қопланади.
Ер солиғининг қайтариладиган қисмини молиялаштириш эса маҳаллий буджетларнинг даромадлар қисмида ер солиғини қайтариш учун режалаштирилган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.

