Ўзбекистонда давлат бюджетини тузиш ва ижро этиш қоидалари ўзгарди

Ўзбекистонда давлат бюджетини шакллантириш ва ижро этиш тартиб-қоидаларига ўзгартиришлар киритилди. Адлия вазирлигида 27-июл куни давлат рўйхатидан ўтказилган тегишли буйруқ расмий эълон қилинган кундан бошлаб кучга кирди.
Ҳужжатда давлат молиясини режалаштириш ва бошқаришга оид бир қатор янги механизмлар жорий этилган. Хусусан, биринчи марта "умумий фискал баланс" тушунчаси киритилди.
У консолидациялашган бюджет, давлат мақсадли жамғармалари, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, шунингдек, давлат дастурларини молиялаштириш учун ажратилган депозитлар, бюджет ссудалари ва кредит линияларини ҳисобга олган ҳолда шакллантирилади. Бу кўрсаткич давлат молиясининг барқарорлигини баҳолаш, фискал сиёсатни юритиш ва макроиқтисодий прогнозларни ишлаб чиқишда қўлланилади.
Шунингдек, бюджет маблағларини тақсимловчилар учун камида уч йиллик ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш мажбурияти жорий этилди. Ушбу дастурларда мақсадлар, кутилаётган натижалар, сифат ва миқдор кўрсаткичлари ҳамда келгуси уч йил учун бюджет мўлжаллари акс эттирилиши белгиланди.
Қоидаларга кўра, бюджет сўровларини кўриб чиқишда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ажратилаётган маблағларнинг асосланганлигини ҳамда уларни қисқартириш ёки мақбуллаштириш имкониятларини таҳлил қилади. Ижтимоий-иқтисодий самарадорлиги паст ёки даромад манбалари билан таъминланмаган харажатларни камайтириш бўйича ёзма билдиришномалар юборилади.
Ҳужжатда бюджет ташкилотларида ортиқча режалаштирилган ёки бўшаб қолган маблағлардан фойдаланиш тартиби ҳам аниқ белгиланган. Бундай маблағлар, аввало, иш ҳақи, нафақалар ва айрим хизматлар тарифлари оширилиши билан боғлиқ харажатларни молиялаштиришга йўналтирилади.
Бундан ташқари, бюджет даромадларини прогнозлаш, бюджетлараро трансфертларни ҳисобга олиш, бюджет ссудаларини ажратиш ва қайтариш, маҳаллий бюджетларнинг даромад ҳамда харажатларини режалаштириш, шунингдек, даромадларнинг прогноздан ортиқ бажарилган қисмини ҳисоблаш тартиблари ҳам қайта кўриб чиқилди.
2026-йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон давлат бюджети ижросида профицит (ижобий фарқ) қайд этилган эди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги матбуот хизмати “Дарё”га маълум қилган. Ҳисоб-китобларга кўра, бюджетда профицит камида тўққиз йиллик даврда илк бор кузатилмоқда (олти ёки 12 ойлик рақамларни инобатга олганда).

