Ўзбекистонда айрим шахсларга 1-октябрдан шаҳарлараро транспортда юриш учун имтиёзли чипталар берилади

Ўзбекистонда 2026-йил 1-октябрдан бошлаб айрим тоифадаги фуқаролар шаҳарлараро транспортда имтиёзли чипталардан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўладилар.
Уруш ногиронлари ва иштирокчилари, уларга тенглаштирилган шахслар, шунингдек, Чернобил АЕСдаги авария оқибатида нурланиш касаллигига чалинган фуқаролар ҳаво, темир йўл ва шаҳарлараро автобус транспортида бепул ёки 50 фоиз чегирма билан чипта олишлари мумкин бўлади.
Ушбу имтиёзли чипталар "Узбекистан Аирвайс" ва бошқа маҳаллий авиакомпаниялар, "Ўзбекистон темир йўллари"нинг ваколатли бўлинмалари, шунингдек, автовокзал ва автостансиялар томонидан расмийлаштирилади. Чипталар Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг "Ягона миллий ижтимоий ҳимоя" ахборот тизимидаги маълумотлар асосида берилади.
Фуқаролардан фақат шахсини тасдиқловчи ҳужжат – ИД-карта ёки биометрик паспорт талаб этилади. Авиатранспортда эконом тарифдаги, темир йўлда эса эконом, плацкарт ёки купе жойлари учун чипталар тақдим этилади.
2027-йил 1-январдан бошлаб фуқаролар ушбу чипталарни "Ижтимоий карта" мобил иловаси – "Барака" орқали ҳам бепул ёки имтиёзли шартларда харид қилиш имкониятига эга бўладилар.
Имтиёзли транспорт хизматлари учун харажатлар Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади. Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари ҳамда Пенсия жамғармаси имтиёзли тоифага кирувчи шахслар ҳақидаги маълумотларни Рақамли ҳукумат орқали агентликка мунтазам равишда тақдим этиб боради.
Маълумотларга кўра, 2025-йилда транспорт хизматлари кўрсатувчи ташкилотлар томонидан қарийб 50 минг нафар шахсга жами 4,3 миллиард сўмлик имтиёзли йўл чипталари берилган.
Президент Шавкат Мирзиёев 3-август куни ижтимоий ҳимоя тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишган эди. Унда имтиёзли транспорт хизматларидан фойдаланиш тартибини соддалаштириш ва тўлиқ рақамлаштириш масалалари ҳам муҳокама қилинган.

