Ўзбекистонда Абу Али ибн Синонинг 1050-йиллиги нишонланади, илмий-тадқиқот маркази очилади ва у ҳақда кино олинади
Ўзбекистонда Абу Али ибн Сино таваллудининг 1050-йиллигига тайёргарлик кўриш чоралари белгиланди. Бухорода илмий-тадқиқот маркази ташкил этилади, асарлари таржима қилинади, хориждаги қўлёзмалари рақамлаштирилади. Шунингдек, аллома ҳақида ъҲусайнъ филми ва медиа маҳсулотлар тайёрланади.

Ўзбекистонда Абу Али ибн Синонинг 1050-йиллиги нишонланади, илмий-тадқиқот маркази очилади ва у ҳақда кино олинади
Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси 19-октабр куни “Буюк табиб ва қомусий олим Абу Али ибн Сино илмий меросини чуқур ўрганиш ва уни кенг тарғиб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни қабул қилди.
Қарорда Абу Али ибн Синонинг илмий меросини чуқур ўрганиш, уни замонавий тиббиёт таълими ва илмий тадқиқотлар билан узвий боғлиқ ҳолда тарғиб қилиш, шунингдек, аллома таваллудининг 2030-йилда нишонланадиган 1050-йиллигига муносиб тайёргарлик кўриш вазифалари белгиланган.
Ҳужжат билан тасдиқланган “Йўл харитаси”да алломанинг хорижда сақланаётган қўлёзмаларини жамлаш, уларни ўзбек тилига таржима қилиш, электрон платформасини яратиш ва халқаро миқёсда тарғиб қилиш ишларини тизимли йўлга қўйиш кўзда тутилган. Шунингдек, Абу Али ибн Синонинг илмий меросига бағишланган халқаро симпозиумлар, конференсиялар ва конгрессларни мунтазам ўтказиб бориш режалаштирилган.
Қарорга кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Таълим ва илм-фан вазирлиги ҳамда Фанлар академиясининг Бухоро давлат тиббиёт институти ҳузурида Абу Али ибн Сино илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш ҳақидаги таклифи маъқулланган.
Марказ давлат муассасаси сифатида ташкил этилади. Унинг асосий вазифалари орасида Ибн Сино тиббиёти билан боғлиқ тадқиқотлар ўтказиш, уларнинг натижаларини замонавий табобатда қўллаш, шунингдек, ушбу соҳадаги олимларнинг илмий фаолиятини рағбатлантириш ва мувофиқлаштиришга кўмаклашиш бор.
Марказ алломанинг тиббиётга оид ва илмий-маънавий мероси бўйича тадқиқотлар олиб боради, илмий нашрларни тайёрлаш ва чоп этиш ишларини йўлга қўяди.
Шунингдек, муассаса хорижда сақланаётган қўлёзмаларни жамлаш, уларни ўзбек тилига таржима қилиш, электрон платформани яратиш ва аллома меросини халқаро миқёсда тарғиб қилиш билан шуғулланади.
Марказ зиммасига ибн Синонинг илмий меросига бағишланган ўқув материалларини тайёрлаш, халқаро симпозиум ва конференсияларни ташкил этиш ҳамда уларда иштирок этиш, маҳаллий ва халқаро илмий лойиҳаларда қатнашиш вазифалари ҳам юклатилган.
Бундан ташқари, тиббиёт ходимлари ва тиббиёт тарихига қизиқувчилар учун ўқув курслари ҳамда маҳорат дарсларини йўлга қўйиш режалаштирилган.
Марказ фаолияти Бухоро давлат тиббиёт институтининг буджетдан ташқари маблағлари, халқаро молия институтлари грантлари, пулли хизматлардан тушадиган маблағлар, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳамда қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.
Алломанинг хориждаги фонд ва тўпламларда сақланаётган қўлёзмалари, китоблари ҳамда таржималарини аниқлаш, уларни рақамлаштириш ва 2030-йилгача ягона электрон маълумотлар базасини шакллантириш ҳам режага киритилган. Бу ишлар 2026-йил октабр ойидан бошлаб босқичма-босқич амалга оширилиши белгиланган.
Ибн Сино жамоат фонди фаолиятини такомиллаштириш учун унинг уставини қайта кўриб чиқиш, васийлик кенгашидаги масалаларни камида ҳар чоракда бир марта муҳокама қилиш режалаштирилган. Фондга алоқадор олимларни Инновацион ривожланиш агентлиги эълон қиладиган илмий лойиҳаларда қўллаб-қувватлаш ҳам назарда тутилган.
2026−2030-йилларда алломанинг тиббий ва фалсафий асарларини ўзбек тилига таржима қилиш, илмий шарҳлар билан нашрга тайёрлаш, босма ва электрон нашрларини чиқариш белгиланган.
Жумладан, араб тилидан “Мўъжаз ал-Қонун” ва “Қонунча” асарларини илмий изоҳлар билан таржима қилиш, шунингдек, “Ал-Ишорат ва ат-танбиҳот”, “Донишнома”, “Китоб аш-Шифо” ва “Шарқ фалсафаси” асарларини таржима қилиш ҳамда нашр этиш режалаштирилган. Ушбу ишлар буджет ва буджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан молиялаштирилиши кўзда тутилган.
2026−2030-йилларда ибн Синонинг тиббиёт, фармакология, касалликларнинг олдини олиш ва тиббий этикага оид қарашларини ёритувчи ҳужжатли филмлар ҳамда бошқа медиа маҳсулотлар тайёрлаш режалаштирилган. Бу материалларни Ўзбекистонда ҳамда хорижда намойиш этиш кўзда тутилган.
Шу билан бирга, алломанинг китоблари ва қўлёзмалари кўргазмаларини мамлакат ҳудудларида ва хорижда ташкил этиш, асарлар тақдимотларини ўтказиш белгиланган.
“Йўл харитаси”да ибн Синонинг болалигига бағишланган “Ҳусайн” номли филм яратиш ҳам назарда тутилган. Унда алломанинг тиббиётга қизиқиши, устозларига ҳурмати ва инсоний фазилатларини ёритиш, ёшларга ибрат бўладиган образ яратиш мақсад қилинган.
Филмни 2028-йил март ойига қадар кинотеатрлар, телевидение ва рақамли платформаларда намойиш этиш, хорижда кўрсатиш учун чет тилларида субтитрлар тайёрлаш ҳамда халқаро кинофестивалларда иштирок этиш чоралари белгиланган.
Қарорда алломанинг бой илмий меросини чуқур ўрганишга муносиб ҳисса қўшган олим ва тадқиқотчиларни рағбатлантириш мақсадида “Ибн Сино” халқаро мукофотини таъсис этиш ҳам назарда тутилган.
“Йўл харитаси”да 2026-йил октабр ойида Тошкентда “Ибн Сино — Ғарб ва Шарқ фалсафий тафаккурининг буюк намояндаси” мавзусида халқаро конференсия ўтказиш белгиланган. Тадбирни ташкил этиш учун ищи гуруҳ тузиш, дастур ишлаб чиқиш ва конференсияни оммавий ахборот воситаларида ёритиш режалаштирилган.
Шунингдек, тиббиёт олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари, кутубхоналар ва тиббиёт ташкилотларида аллома ҳаёти ҳамда меросига бағишланган маърузалар ва кўргазмалар мунтазам ўтказиб борилади.
Ибн Сино меросини ёшларга содда ва тушунарли шаклда етказиш учун сунъий интеллект ва замонавий технологиялар асосида қисқа медиа материаллар тайёрлаш режалаштирилган. Уларда алломанинг тиббиёт ривожига қўшган ҳиссаси, асарларининг аҳамияти ва “Шайх ур-раис” унвонининг мазмуни ёритилади.
Бу йўналишда 2027-йилда ссенарийлар тайёрлаш, 2028-йилда қисқа контентлар туркумини яратиш, 2029-йилда эса уларни ижтимоий тармоқларда жойлаштириш кўзда тутилган.
“Тиб қонунлари” асарига бағишланган ёдгорлик барпо этиш режалаштирилган. 2026-йил октабр ойида ищи гуруҳ тузиш, 2027-йил март ойига қадар ёдгорлик эскизини тайёрлаш, 2028-йил март ойигача эса уни барпо этиш белгиланган.
Ибн Синонинг тиббий мероси асосида, айниқса, ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳам режалаштирилган. Бунинг учун “Халқаро Ибн Сино саломатлик юриши” ва “Ибн Сино мадҳияси”ни ташкил этиш қоидаларини ишлаб чиқиш, соғлом турмуш тарзига бағишланган видеолавҳалар тайёрлаш ҳамда тарғибот ишларини мунтазам олиб бориш белгиланган.

