Маҳаллий

Ўзбекистонда 2050-йилга бориб туғилишлар сони 1,2 миллиондан ошиши прогноз қилинди

Ўзбекистонда 2050-йилга келиб туғилишлар сони 1,2 миллиондан ошиши прогноз қилинмоқда. Бу ҳақда “Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институти томонидан эълон қилинган мамлакатдаги туғилиш кўрсаткичларининг узоқ муддатли прогнозида маълум қилинди. Тадқиқот натижаларига кўра, Ўзбекистонда туғилишлар сони келгуси йилларда барқарор ўсишда давом этади.

Прогнозларга кўра, чақалоқлар дунёга келиши қуйидаги кўрсаткичларга етади:

* 2030-йилда — 892,7 минг нафар;

* 2040-йилда — 1 миллион 16,1 минг нафар;

* 2050-йилда — 1 миллион 234,1 минг нафар.

Шу тариқа, 2050-йилга бориб туғилиш кўрсаткичи 2025-йилга нисбатан 354,5 минг кишига ёки 40,3 фоизга кўпайиши кутилмоқда.

Ҳудудлар кесимида ўсиш суръатлари энг юқори бўладиган ҳудудлар қаторида Тошкент вилояти (62 фоиз) ва Тошкент шаҳри (61 фоиз) етакчилик қилмоқда. Кейинги ўринларда Андижон (48,6 фоиз), Самарқанд (43,3 фоиз) ҳамда Наманган (42,4 фоиз) вилоятлари қайд этилган.

Туғилишнинг умумий коеффициенти ўрта муддатда бироз пасайиб, кейин яна барқарор ўсиши айтилмоқда. Хусусан, 2030-йилда 21,2 промилле бўлиши кутилаётган кўрсаткич 2050-йилга бориб 21,9 промиллени ташкил этади. Ҳудудлар бўйича энг юқори коеффициент Сурхондарё (24,7) ва Қашқадарё (23,8) вилоятларида кузатилиши эҳтимоли юқори.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, мазкур демографик ўсиш келгусида таълим, соғлиқни сақлаш, мактабгача таълим, уй-жой, ижтимоий хизматлар ва меҳнат бозори инфратузилмасига бўлган эҳтиёжни кескин оширади. Ушбу ўзгаришларни олдиндан баҳолаш орқали давлат ресурсларини самарали тақсимлаш ва инсон капиталига инвестицияларни стратегик режалаштириш имконияти яратилади.

Аввалроқ 2026-йилнинг январ-июн ойларида Ўзбекистонда 373 389 та тирик туғилиш қайд этилгани хабар қилинганди. 2025-йил давомида эса мамлакатда 879 599 та тирик туғилиш рўйхатга олинган. Йил давомида 60 ёшдан ошган 638 нафар эркак ота бўлган, уларнинг 48 нафари 70 ёшдан ошганида фарзандли бўлган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.