Ўзбекистонда 2027-йилдан “Яшил лот” тизими жорий этилади

Ўзбекистонда 2027-йилдан “Яшил лот” тизими жорий этилади
2027-йил 1-январдан бошлаб Ўзбекистонда “Яшил лот” тизими ишга туширилади. Унга мувофиқ, мавжуд ер участкаларини жисмоний ва юридик шахсларга шартнома асосида яшил боғлар барпо этиш учун ажратиш имконияти яратилади.
Президентнинг “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда маҳаллалар ролини кучайтиришга оид фармонида қайд этилишича, Экология қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига ер участкаларини яшил боғ ташкил этиш учун ажратиш ваколати берилади.
Бунда ажратилган ҳудудлардан фақат белгиланган мақсадда фойдаланилади. Ерлар жисмоний ёки юридик шахслар мулкига ўтказилмайди. Уларда қурилиш қилиш, турли конструксиялар ўрнатиш ва бошқа фаолият турларини амалга ошириш тақиқланади. Шунингдек, бундай ҳудудлардан аҳолининг умумий фойдаланиши чекланмайди.
Фармонга кўра, 2026-йил куз мавсумидан ер майдони чекланган маҳаллаларда, кўп квартирали уйлар оралиғида, мактаб ва боғчалар ҳовлиларида маҳалла микроўрмонлари ташкил этилади. Бунинг учун 200–1 000 квадрат метр майдонда ҳар бир квадрат метрга камида 2 тадан дарахт ва бута кўчати зич экиш усулида экилади.
Ер ажратиш имконияти бўлмаган ёки бетон ва асфалт қопламали ҳудудларда эса жамоат кичик боғлари барпо этилади. Бунда маҳаллий ҳокимликлар ва ҳомийлар йирик кўчат тувакларини ўрнатади, Ўрмон агентлиги сифатли кўчатлар билан таъминлайди, маҳаллалар эса фуқаролар иштирокида экиш ва парваришлаш ишларини ташкил этади.
Ушбу ҳужжатга асосан, Ўзбекистонда 1-октябрдан “Тозалик ва озодалик” долзарб икки ойлиги ҳам ўтказилади. 2027-йил 1-январдан эса “Яшил маҳалла” лойиҳаси доирасида “Маҳаллани яшиллаштириш” пакети жорий этилади.

