Иқтисодиёт

Ўзбекистонда 17 та янги логистика маркази ва терминал ташкил этиш режалаштирилмоқда

Ўзбекистонда 17 та янги логистика маркази ва терминал барпо этиш режалаштирилмоқда

Шавкат Мирзиёев транспорт-логистика соҳасидаги йирик лойиҳаларнинг амалга оширилиш жараёни бўйича тақдимот билан танишди.

Халқаро транспорт йўлакларини ривожлантириш ҳамда денгиз портлари орқали жаҳон бозорларига чиқиш имкониятларини кенгайтириш масалалари алоҳида кўриб чиқилди.

Каспий денгизидаги Оқтау, Туркманбоши ва Боку, Қора денгиздаги Поти ва Анаклия портларида Ўзбекистон иштирокида логистика инфратузилмасини яратиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Хусусан, Поти портида логистика марказини ташкил этиш юзасидан битим имзоланган, лойиҳа учун техник-иқтисодий асослар тайёрланмоқда. Анаклия портини ривожлантириш, шунингдек, Туркиянинг Самсун ва Истанбул портларига чиқишга хизмат қиладиган Нахчивон темирйўли қурилишида қатнашиш имкониятлари ҳам ўрганилмоқда.

Ушбу лойиҳалар тўқимачилик, кимё, қишлоқ хўжалиги ва кон-металлургия маҳсулотларини ташқи бозорларга етказиб бериш йўналишларини диверсификация қилишга хизмат қилиши қайд этилди.

Халқаро йўлаклардан самарали фойдаланиш учун мамлакатдаги логистика марказлари тармоғини ҳам кенгайтириш зарурлиги таъкидланди.

Хонобод ва Ангрен шаҳарлари, Янгийўл, Оҳангарон, Олот ва Термиз туманларини транспорт-логистикага ихтисослаштириш бўйича берилган топшириқлар ижроси юзасидан ахборот тақдим этилди.

Тошкент шаҳри, Тошкент, Андижон, Сурхондарё ва Бухоро вилоятларида жами 17 та логистика маркази ва терминал лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган. Уларни жойлаштириш, инвесторларни жалб этиш, молиялаштириш ҳамда зарур инфратузилма билан таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Тақдимотда юк ташувларини рақамлаштириш ва соҳада яширин иқтисодиётни қисқартиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Юк ташиш соҳасида кузатилмайдиган иқтисодиёт улуши ҳануз 42 фоиздан юқори экани қайд этилди. Маҳаллий юк транспортларининг ягона реестри, электрон буюртмаларни шакллантириш ҳамда барча транспорт хизматларини бирлаштирувчи электрон тизимнинг йўқлиги бу борадаги асосий муаммолар сифатида кўрсатилди.

Шу сабабли, ягона рақамли транспорт тизимини яратиш, ташувчилар реестрини шакллантириш, электрон йўл варақаси ва буюртмаларни қабул қилувчи агрегатор хизматини жорий этиш таклиф қилинди.

Халқаро ташувларда электрон рухсатномалар алмашинувини кенгайтириш ва юк ҳаракатини реал вақт режимида кузатиш имкониятларини йўлга қўйиш чоралари ҳам кўриб чиқилди. Бу ташувчилар учун қулайлик яратиш, норасмий хизматларни қонуний фаолиятга ўтказиш ва соҳада шаффофликни оширишга қаратилгани билдирилди.

Давлат раҳбари тақдим этилган лойиҳаларнинг муддатлари, молиялаштириш манбалари ва кутилаётган натижаларини аниқ белгилаш, уларни ўзаро уйғун ҳолда амалга ошириш муҳимлигини таъкидлади. Мутасаддиларга муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли топшириқлар берилди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.