Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Сурияни йирик ҳисобда мағлуб этиб, У-20 Осиё Кубоги йўлланмасини қўлга киритди

Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Сурияни йирик ҳисобда таслим этиб, У-20 Осиё Кубогига йўлланма олди
2027-йилда Хитойда бўлиб ўтадиган ёшлар (У-20) ўртасидаги Осиё Кубоги учун саралаш босқичида Ўзбекистон терма жамоаси навбатдаги ўйинини ўтказди.
Б гуруҳидаги кейинги учрашувда Жамолиддин Раҳматуллаев бошқарувидаги Ўзбекистон ёшлари Сурия терма жамоасига қарши майдонга тушиб, 3:0 ҳисобида ишончли ғалабага эришди.
Беллашувнинг 10-дақиқасидаёқ Диёр Эрманов ҳисобни очиб, жамоасини олдинга олиб чиқди. Асосий вақт якунига яқин, аниқроғи 81-дақиқада Қувончбек Абраев устунликни иккитага етказди. Ҳакам томонидан қўшиб берилган 90+4-дақиқада эса Даврон Тўлаганов пеналтини аниқ амалга ошириб, якуний натижани белгилади.
Мазкур ғалаба эвазига Жамолиддин Раҳматуллаев шогирдлари 9 очко жамғариб, гуруҳда 1-ўринни эгаллади ва Осиё Кубогининг асосий босқичига йўлланмани қўлга киритди.
Шунингдек, гуруҳда 6 очко тўплаган Ҳиндистон ёшлар терма жамоаси ҳам 2-ўрин билан Хитойда ўтадиган Осиё Кубогига йўл олди. Сурия (3 очко) ва Бангладеш (0 очко) эса саралашдаги иштирокини якунлади.
Турнир 2027-йил 24-мартдан 10-апрелга қадар Хитойда ўтказилади. Осиё Кубогида ярим финалга чиққан жамоалар (кучли тўртлик) эса 2027-йилги ФИФА У-20 Жаҳон чемпионатида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритади. Аҳамиятлиси, Озарбайжон ва Ўзбекистон ҳамкорлигида ўтказиладиган ушбу кичик мундиалга Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси мезбон сифатида автоматик тарзда йўлланма олган.
У-20 Осиё Кубоги-2027. Саралаш турнири
Ўзбекистон — Сурия 3:0
Голлар: 1:0 — Диёр Эрманов (10), 2:0 — Қувончбек Абраев (81), 3:0 — Даврон Тўлаганов (90+4, пеналти).

