Ўзбекистон Вануату билан дипломатик муносабатлар ўрнатди
Ўзбекистон Тинч океанининг жануби-ғарбидаги орол мамлакат Вануату билан дипломатик муносабатлар ўрнатди. Қўшма коммюнике мамлакатларнинг БМТ ҳузуридаги доимий вакиллари томонидан имзоланди.

Ўзбекистон ва Вануату дипломатик алоқалар ўрнатди
Ню Ёрк шаҳрида Ўзбекистон ва Вануату ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш ҳақидаги қўшма коммюнике имзоланди, деб хабар беради “Дунё” ахборот агентлиги.
Икки давлат ҳукуматлари номидан ушбу ҳужжатга Ўзбекистоннинг БМТ ҳузуридаги доимий вакили Улуғбек Лапасов ҳамда Вануатунинг БМТ ҳузуридаги миссияси раҳбари Одо Теви имзо чекди.
Суҳбат чоғида мамлакатлар ўртасида халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ ва унинг ихтисослаштирилган муассасалари доирасида яқин ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш зарурлиги қайд этилди.
Вануату — Тинч океанининг жануби-ғарбий қисмида, Меланезия минтақасида жойлашган орол-давлат. Аҳолиси қарийб 350 минг кишини ташкил этади. Иқтисодиётининг асосини қишлоқ хўжалиги (копра, какао, кофе), балиқчилик ва туризм ташкил қилади. Бундан ташқари, офшор молиявий хизматлар ҳамда инвестиция эвазига фуқаролик бериш дастурлари ҳам мамлакат буджетига даромад келтиради.

