Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳудудларни алмашиш бўйича кейинги қадамларни келишиб олди
Алмашиладиган ҳудудлар аҳолисининг фуқаролиги, кўчиришни ташкил этиш, фуқароларнинг мулкий ҳуқуқларини расмийлаштириш, ердан фойдаланиш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш билан боғлиқ масалалар билан шуғулланувчи қўшма ищи гуруҳ тузилди.

Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳудудларни ўзаро алмаштириш бўйича навбатдаги босқичларни келишиб олдилар.
Боткен вилоятининг Қадамжой туманида Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг қўшма ищи комиссияси йиғилиши бўлиб ўтди. Унда ер майдонларини алмашишнинг ташкилий-техник жиҳатлари муҳокама қилинди.
Қирғизистон делегациясига меҳнат вазирининг биринчи ўринбосари Қамчибек Досматов, Ўзбекистон делегациясига эса ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Ботир Қудратхўжаев раҳбарлик қилди.
Томонлар аввалги келишувларни амалга ошириш, хусусан, алмашиладиган ҳудудлар аҳолисининг фуқаролиги, уларни кўчириш, мулкий-хўжалик ва бошқа масалаларни муҳокама қилдилар.
Йиғилиш якунида икки давлатнинг тегишли вазирликлари, идоралари ва маҳаллий ҳокимият органлари вакилларидан иборат қўшма ищи гуруҳ таркиби тасдиқланди.
Ушбу гуруҳ алмашиладиган ҳудудлар аҳолисининг фуқаролиги, кўчиришни ташкил этиш, давлат мулки объектларини қабул қилиш ва топшириш, фуқароларнинг мулкий ҳуқуқларини расмийлаштириш, ердан фойдаланиш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш билан боғлиқ масалалар билан шуғулланади. Шунингдек, мазкур ҳудудлар аҳолиси учун таълим жараёнининг узлуксизлиги таъминланади.
Гуруҳ вакиллари алмашиладиган ҳудудларга бориб, амалга оширилган ишлар ва натижалар ҳақида комиссия ҳамраисларига мунтазам равишда ахборот бериб боради.

