Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасида «Мамай» ўтказиш пункти очилиши мумкин
Мазкур ўтказиш пункти 2020 йилда ёпилган эди. Қирғизистон Жўғорғи Кенеш депутатлари сўнгги бир неча йил

Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасида «Мамай» назорат-ўтказиш пункти очилиши эҳтимоли мавжуд. Бу ҳақда 24.kg нашри маълумот берди.
Қирғизистон президентининг махсус топшириқлар бўйича вакили Бакит Торобаев Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятида жойлашган «Мамай» халқаро ўтказиш пункти лойиҳасининг амалга оширилиши жараёнини кўздан кечирди.
Унинг сўзларига кўра, ушбу постни очиш ҳамда Кербен — Мамай автомобил йўлини қуриш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.
Торобаевнинг таъкидлашича, «ўтказиш пункти ишга туширилгач, маҳаллий аҳоли томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни қўшни мамлакатга экспорт қилиш имконияти пайдо бўлади. Бу туризм ривожига ҳам туртки беради. Хусусан, Падишо-Ота, Сари-Челек ва Қора-Қамиш каби гўзал масканларга сайёҳлар оқими кўпайиши кутилмоқда. Маҳаллий аҳолининг иқтисодий фаоллиги ошади».
Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон–Ўзбекистон чегарасидаги «Мамай» ўтказиш пункти 2020-йилда ёпилган эди. Қирғизистон Жўғорғи Кенеш депутатлари сўнгги бир неча йил давомида ушбу чегара постининг фаолиятини қайта тиклашга чақириб келишган.
Маълумотларга кўра, 2026-йил июл ойида Қирғизистон ва Ўзбекистон ўтказиш пунктлари сонини 15 тадан 30 тага етказиш бўйича келишувга эришган.

