Ўзбекистон ва Озарбайжон фуқароларига пенсия тайинлашда иш стажи ўзаро ҳисобга олинади

Ўзбекистон ва Озарбайжон фуқаролари учун пенсия тайинлашда иш стажи ўзаро ҳисобга олинади. Бу ҳақда 23-август куни икки давлат ўртасида имзоланган пенсия таъминоти соҳасидаги битимда кўзда тутилган. Пенсия жамғармасининг маълум қилишича, ушбу ҳужжат икки мамлакатда меҳнат фаолиятини олиб борган фуқароларнинг пенсия ҳуқуқларини кафолатлашга қаратилган.
**Икки давлатда орттирилган иш стажларини ҳисобга олиш**
Битимга мувофиқ, фуқаронинг Ўзбекистон ва Озарбайжонда тўплаган иш стажи пенсия ҳуқуқини аниқлашда инобатга олинади. Агар бир давлатдаги иш стажи пенсия олиш ҳуқуқини бериш учун етарли бўлмаса, иккинчи давлатда орттирилган тегишли стаж ҳам қўшиб ҳисобланиши мумкин. Бундай ҳолатларда ҳар бир давлат ўз ҳудудида тўпланган иш стажига мутаносиб равишда пенсия тайинлайди ва унинг миқдорини ҳисоблайди.
**Кўчиб ўтганда пенсия ҳуқуқининг сақланиши**
Тайинланган пенсия фуқаронинг бошқа томон ёки учинчи давлат ҳудудида яшаши сабабли камайтирилмайди, тўхтатиб турилмайди ёки бекор қилинмайди. Фуқаронинг аризасига биноан пенсия уни тайинлаган давлатда тўланиши ёки иккинчи давлат ҳудудига ўтказилиши мумкин.
**Фуқароларнинг мурожаат қилиш тартиби соддалаштирилади**
Пенсия тайинлаш, қайта ҳисоблаш, тўлаш ёки қайта кўриб чиқиш билан боғлиқ мурожаатни фуқаро ўзи яшаётган давлатдаги тегишли муассасага бериши мумкин. Битимда назарда тутилган ҳолларда бундай мурожаат иккинчи давлатга ҳам берилган деб ҳисобланади, зарур маълумот ва ҳужжатлар эса икки давлатнинг ваколатли муассасалари ўртасида юборилади.
**Пенсия органлари тўғридан тўғри ҳамкорлиги йўлга қўйилади**
Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг ваколатли органлари ва тегишли муассасалари пенсия тайинлаш ва тўлаш билан боғлиқ масалалар бўйича тўғридан тўғри ахборот алмашади ва ўзаро амалий ёрдам кўрсатади. Бу фуқаролар учун маъмурий жараёнларни соддалаштириш ва пенсия масалаларини тезкор ҳал этишга хизмат қилади.
Пенсия жамғармаси ахборотида қайд этилишича, битим тегишли тартиб-таомиллари якунлангандан кейин кучга киради. Уни амалда қўллашнинг ташкилий ва техник тартиблари томонлар ўртасидаги алоҳида маъмурий келишув асосида белгиланади.
Эслатиб ўтамиз, Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга ташрифи давомида Ўзбекистон ва Озарбайжон Абадий дўстлик тўғрисида шартнома имзолаган эди. Шунингдек, икки давлат ўртасидаги янги қўшма лойиҳаларга старт берилди ва Озарбайжоннинг етакчи банки — АББ Ўзбекистон бозорига киргани маълум қилинди.

