Иқтисодиёт

Ўзбекистон ва Франсия тараққиёт агентлиги 1,1 млрд евролик 11 та лойиҳани амалга оширишни режалаштирмоқда

Ўзбекистон ва Франсия тараққиёт агентлиги 1,1 млрд евролик 11 та лойиҳани амалга оширишни режалаштирмоқда

25-сентябр куни Тошкентда Ўзбекистон ҳукумати ва Франсия тараққиёт агентлиги (АФД) ўртасида маслаҳатлашувлар ўтказилди.

Учрашувда 2027–2030-йилларга мўлжалланган ҳамкорликнинг асосий йўналишлари белгиланди. Жумладан, энергетик ўтиш ва декарбонизация, сув таъминоти, қишлоқ хўжалиги, шаҳарларнинг барқарор ривожланиши, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш ҳамда давлат молиясини бошқаришни такомиллаштириш устувор йўналишлар сифатида қайд этилди.

Маслаҳатлашувларда умумий тахминий қиймати 1,125 млрд евро бўлган 11 та лойиҳадан иборат индикатив портфел тақдим этилди. У энергетика ва транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, шаҳарларни ривожлантириш, ирригация ва қишлоқ хўжалиги, “яшил” иқтисодиёт ҳамда носуверен молиялаштиришни кенгайтиришни қамраб олади.

Йирик ташаббуслар орасида Тошкент—Самарқанд темир йўл линиясини реабилитация қилиш ва Тошкент жамоат транспортини ривожлантириш бор.

Шунингдек, томонлар Қашқадарё вилоятида ичимлик суви таъминоти тизимларини модернизация қилиш, Қорақалпоғистондаги “Суенли” каналини реконструксия қилиш, Оролбўйи ҳудудидаги лойиҳаларни амалга ошириш ва иссиқлик тармоқларини янгилаш бўйича ишларни тезлаштириш ниятида.

Айни пайтда Ўзбекистон ва АФД ҳамкорлигида умумий қиймати 604,2 млн евро бўлган тўққизта лойиҳа тайёрланмоқда.

АФД томонидан 2015-йилдан бери Ўзбекистонда умумий қиймати қарийб 1,6 млрд евро бўлган 17 та лойиҳа маъқулланган. Амалдаги портфел эса энергетика, сув таъминоти ва санитария, чорвачилик, рақамлаштириш, молия сектори ва бошқа йўналишлардаги 1,29 млрд евролик 13 та лойиҳани ўз ичига олади.

Ўзлаштирилган маблағлар ҳажми қарийб 1 млрд еврога ёки имзоланган битимлар умумий қийматининг 78 фоизига етди. Бундан ташқари, Европа Иттифоқи ва Франсия ҳукумати билан биргаликда 55 млн евродан ортиқ грант маблағлари жалб қилинган.

Музокаралар якунида эришилган келишувлар маслаҳатлашувлар баённомасида мустаҳкамланди ва қўшма мониторингга олинди. Навбатдаги маслаҳатлашувларни Франсияда ўтказиш режалаштирилган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.