Ўзбекистон шахмат олимпиадасида АҚШни мағлуб этди
Энди Ўзбекистон асосий жамоаси 9 турдан кейин 16 очко билан турнир жадвалида пешқадамлигини давом эттирмоқда

Ўзбекистон шахмат олимпиадасида АҚШни енгди
Самарқандда давом этаётган Бутунжаҳон шахмат Олимпиадасининг 9-турида Ўзбекистон ғалабага эришди.
Ўзбекистон эркаклар асосий жамоаси турнир фаворитларидан бири саналган АҚШ устидан зафар қучди.
Аввал 4-доскада юриш қилган Муҳиддин Мадаминов кучли рақиб Левон Ароян билан дуранг қайд этди (у ўтган турда мағлуб бўлган Шамсиддин Воҳидов ўрнига тушганди).
Шундан сўнг Нодирбек Абдусатторов жаҳон рейтингида учинчи ўринда бораётган Фабиано Куруанани таслим бўлишга мажбур қилди.
Бироқ Жавоҳир Синдаров яна бир машҳур шахматчи Уесли Со билан баҳсда оғир вазиятга тушиб қолди ва охир-оқибат ундан чиқиб кета олмади, натижада умумий ҳисоб тенглашди: 1,5-1,5.
Кейин ўзбекистонлик шахмат мухлислари бутун эътиборини Нодирбек Ёқуббоевнинг ўйинига қаратишди. Ўтган турда мағлуб бўлган бу шахматчи бу сафар ишончни оқлади ва Ҳанс Ниманнга қарши кечган ниҳоятда мураккаб учрашувда ғалабани ўз томонига оғдира олди. Якуний ҳисоб эса 2,5-1,5 кўринишини олди.
Шу тариқа, Ўзбекистон асосий жамоаси 9 турдан сўнг 16 очко билан турнир жадвалида пешқадамликни давом эттирмоқда. Аввалги турда Ўзбекистон Германияга ютқазганди.

