Ўзбекистон Қизил китобига киритилган ноёб ўсимлик – Безчали зўрча ҳақида эшитганмисиз?
Безчали зўрча Шимоли-ғарбий Помир-Олойга хос бўлган, тарқалиш ҳудуди чекланган камёб эндемик ўсимлик туридир. Ўзбекистонда Нурота

Ўзбекистон Қизил китобига киритилган ноёб ўсимлик – Безчали зўрча ҳақида эшитганмисиз?
Безчали зўрча Шимоли-ғарбий Помир-Олойга хос бўлган, тарқалиш ҳудуди тор ва чекланган камёб эндемик ўсимлик туридир. Ўзбекистонда у Нурота ва Молгузар тоғ тизмаларида, Жиззах, Навоий ва Самарқанд вилоятлари ҳудудларида учрайди.
Бу ўсимлик бўйи 30–50 сантиметргача етадиган кўп йиллик ўт ўсимлик ҳисобланади. Поялари бир нечта бўлиб, асосига яқин қисми қаттиқ ва ёғочсимон тузилишга эга. Барглари наштарсимон, узунлиги 3–6 сантиметр, эни 10–12 миллиметр атрофида бўлади. Гуллари йирик, шохчаларининг учида биттадан жойлашади. Гултожи оқиш-пушти рангда бўлиб, чуқур икки бўлакка ажралган. Меваси эса кўсак шаклида бўлади.
Безчали зўрча тоғларнинг ўрта қисмларидаги майда шағалли шимолий ёнбағирларда, асосан, бутазорлар орасида ўсади. У уруғидан кўпаяди. Апрел-июн ойларида гуллайди ва шу даврда меваси ҳам етилади. Табиатда кам учрайди, якка ҳолда ёки кичик гуруҳлар кўринишида топилади.
Ушбу турнинг сони чорва молларининг ҳаддан ташқари кўп боқилиши ҳамда табиий яшаш муҳитига салбий таъсирлар оқибатида камайган деб тахмин қилинади. Ҳозирда Безчали зўрча Нурота давлат қўриқхонасида муҳофаза қилинади.
Безчали зўрча ва бошқа ноёб ўсимлик турларини нобуд қилиш ёки уларнинг табиий яшаш муҳитига зарар етказиш қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади.

