Ўзбекистон Қирғизистон қорамолининг асосий харидорига айланди

Қирғизистон 2026-йилнинг январ—июн ойларида жами 3 миллион 284,1 минг долларлик тирик ҳайвонларни экспорт қилди. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, экспортнинг асосий қисмини қорамоллар ташкил этди. Олти ой давомида хорижга 3 миллион 195,8 минг долларлик 14 823 бош қорамол сотилди. Бунда асосий харидор сифатида Ўзбекистон қайд этилди.
Сони бўйича қорамол етказиб бериш ҳажми 2025-йилнинг январ—июн ойларига нисбатан 32 фоизга ошди. Шунингдек, хорижга 84,8 минг долларлик 194 бош от сотилди. Унинг ҳажми 27,6 фоизга кўпайди.
Тирик парранда экспорти 5600 тага ва қиймати 3500 долларгача камайди. Бу 2025-йилги даражадан 24,1 фоизга кам. Йилнинг биринчи ярмида қўй ва эчкилар хорижга сотилмади.
Ўзбекистон импортёрлар орасида абсолют етакчига айланди. Мамлакат Қирғизистондан экспорт қилинган чорва молининг деярли барчасини сотиб олди.
Айни пайтда, 2026-йилнинг дастлабки олти ойида Қирғизистонга тирик ҳайвонлар импорти 4 миллион 439,5 минг долларга етди. Энг катта улуш тирик паррандаларга тўғри келди: 1 миллион 521,9 минг долларлик 915 169 бош тирик парранда келтирилди.
2025-йилнинг январ—июн ойлари билан солиштирганда, парранда импорти ҳажми пул ҳисобида 39,2 фоизга ошди. Қорамол импорти 1 миллион 218,5 минг долларга 5 285 бошни ташкил этди. Бу сон жиҳатдан 2025-йилги кўрсаткичнинг 37,5 фоизига тенг.
От хариди эса жами 1 миллион 62,4 минг долларга 1123 бошни ташкил қилди. Унинг ҳажми 37,6 фоизга камайди. Тирик чўчқалар импорти сон жиҳатдан 2,36 бараварга ошди. Жами 636,7 минг долларлик 3 464 бош чўчқа келтирилди.
2026-йилнинг январ—июн ойлари якунларига кўра, тирик ҳайвонлар ташқи савдосида 1 миллион 155,4 минг долларлик салбий салдо (камомад) қайд этилди. Импорт экспортдан 35,2 фоизга ошиб кетди.
Камомаднинг асосий омиллари Россия, Европа ва Қозоғистондан наслдор парранда, от ва наслдор қорамолларнинг кўп миқдорда сотиб олингани бўлди. Шунингдек, Қирғизистоннинг ўзида қорамол экспортига қўйилган чекловлар ҳам бунга таъсир қилди.
Аввалроқ июл ойида Ўзбекистонга мол гўшти импорти 25 фоизга ошгани ҳақида хабар берилганди . Ҳисоб-китобларга кўра, мамлакатга 2026-йил июл ойида 90,1 минг тонна қорамол гўшти импорт қилинган. Мазкур кўрсаткич июндагига нисбатан қарийб 18 минг тоннага ёки 25 фоизга кўп.

