Ўзбекистон Пара Осиё ўйинларининг тўртинчи кунида 30 та медални қўлга киритди
Японияда ўтаётган Пара Осиё ўйинларининг тўртинчи кунида Ўзбекистон вакиллари 8 та олтин, 11 та кумуш ва 11 та бронза медалига эга чиқди. Делегациянинг умумий кўрсаткичи 38 та олтин, 41 та кумуш ва 41 та бронза — жами 120 тага етди ва жадвалда 3-ўринда бормоқда.

Ўзбекистон Пара Осиё ўйинларининг тўртинчи кунида 30 та медалга эга бўлди
22-октабр куни Аичи-Нагояда Пара Осиё ўйинларининг тўртинчи кун беллашувлари ўтказилди. Шу куни қўлга киритилган 30 та медал — 8 та олтин, 11 та кумуш ва 11 та бронза — ҳисобига Ўзбекистон делегациясининг умумий натижаси 38 та олтин, 41 та кумуш ва 41 та бронза, жами 120 тага етди. Умумий рейтингда Хитой ва Япониядан кейин 3-ўринда бормоқда.
Эркаклар ўртасида Ф36 классида ядро улоқтиришда Баротжон Бахтиёров (15,98 м) ҳамда Ф57 классида найза улоқтиришда Ёрқинбек Одилов (50,41 м) Пара Осиё ўйинлари рекордини янгилаб, олтин медални қўлга киритди.
Аёллар ўртасида найза улоқтиришда Шаҳинахон Йигиталиева (Ф46, 44,99 м) ва диск улоқтиришда Навруза Аҳмадова (Ф41, 30,11 м) Осиё рекордини янгилаб, чемпион бўлди. Шунингдек, диск улоқтиришда Мадина Мухторова (Ф40, 25,59 м) мусобақа рекорди билан олтин медал олди.
Пара велоспортнинг шоссе йўналишида Маржона Пардабоева (Т1−2, гуруҳ пойгаси) маррага биринчи бўлиб етиб келиб, Аичи-Нагоя-2026 ўйинларининг икки карра чемпионига айланди. Пара сузишда эса Егор Болотов (С13, 50 м эркин, 24,39 с) ва Мубинабону Халилова (С13, 50 м эркин, 28,04 с) олтин медалга сазовор бўлди.
Ядро улоқтиришда Ангелина Колесникова (Ф44, 10,36 м), Моҳигул Шаробидинова (Ф56/57, 8,46 м) ва Дилафрузхон Аҳмадхонова (Ф35, 9,05 м), найза улоқтиришда Талантбек Қурбонов (Ф57, 48,81 м) ҳамда Хуснорахон Қудратуллаева (Ф46, 41,91 м), диск улоқтиришда Кубаро Хакимова (Ф41, 25,05 м), узунликка сакрашда Севинчбек Ҳусанов (Т12, 6,54 м) ва Достон Қаҳҳоров (Т36, 5,44 м) иккинчи ўринни эгаллади.
Шунингдек, пара велоспортнинг шоссе йўналишида Одина Ҳамдамова (Т1−2, 1:08:35), 100 метрга чалқанча сузишда Азизбек Бойназаров (С8, 1:07.93) ва пара пауерлифтингда Орзигул Ўролова (86 кг, 136 кг) кумуш медални қўлга киритди.
400 метрга югуришда Маъруфжон Муродуллоев (Т46, 50,03 с) ва Урганчбек Эгамназаров (Т11, гид-югурувчи Сардор Бахтиёров билан, 52,99 с), ядро улоқтиришда Зуҳро Файзуллаева (Ф35, 7,57 м), Зоҳира Қозоқова (Ф37, 9,25 м) ҳамда Муҳаммад Рихсимов (Ф42/63, 13,77 м), диск улоқтиришда Фароғат Муҳаммадқулова (Ф40, 21,25 м) ҳамда узунликка сакрашда Иззат Турғунов (Т36, 5,42 м) бронза медалига сазовор бўлди.
Шу билан бирга, пара велоспортнинг шоссе йўналишида Покиза Аҳмадбекова (Ҳ1−3) ҳамда Жаҳонгир Халилов (Т1−2, 1:04:04), пара пауерлифтингда Илҳом Ҳалимов (+107 кг, 223 кг) ва 50 метрга эркин усулда сузишда Муслима Одилова (С13, 28,66 с) терма жамоа ҳисобига бронза медалларини қўшди.

