Ўзбекистон муфтийси халқаро мукофот билан тақдирланди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий шайх Нуриддин Холиқназар “Фатво соҳасидаги юксак хизматлари учун” халқаро мукофоти билан тақдирланди. Бу ҳақда идора матбуот хизмати маълум қилди.
Қоҳира шаҳрида бўлиб ўтаётган халқаро анжуманнинг тантанали очилиш маросимида Миср бош муфтийси, Бутунжаҳон фатво идоралари ва ҳайъатлари бош котибияти раиси, профессор Назир Муҳаммад Айёд, Миср вақф вазири доктор Усома ал-Азҳарий ҳамда Халқаро Ислом фиқҳи академияси бош котиби доктор Қутб Мустафо Сано ушбу мукофотни топширди.
Тақдирлаш маросимида турли мамлакатлардан келган 500 нафардан зиёд анжуман иштирокчиларига Ўзбекистондаги диний-маърифий соҳа ислоҳотлари ва муфтий ҳазратларининг кўп қиррали фаолиятига бағишланган махсус видеоролик намойиш этилди.
“Фатво соҳасидаги юксак хизматлари учун” мукофоти Бутунжаҳон фатво идоралари ва ҳайъатлари Бош котибияти томонидан таъсис этилган бўлиб, буюк аллома, фақиҳ Имом Шиҳобуддин ал-Қарофий (1228–1285) шарафига номланган. Ушбу мукофот Ислом умматида мўтадиллик тамойилларини илгари суриш, бир ёқлама ва тор қарашлардан сақланиш, жамоавий ижтиҳод ҳамда фатво бериш амалиётини такомиллаштириш ва замонавий муаммоларга тўғри шаръий ечимлар ишлаб чиқишга улкан ҳисса қўшган етук уламоларга берилади.
Муфтий шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бунгача ҳам бир қатор юксак мукофотларга сазовор бўлган. Улар орасида Президент фармонига мувофиқ “Олий даражали Имом Бухорий” ордени, Россия марказий диний идорасининг “Ал-Иътисом” (“Ҳамжиҳатлик”) медали, Қирғизистон мусулмонлари диний бошқармасининг “Интимак” (“Бирдамлик”) медали, Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг 30 йиллиги юбилей медали, Шимолий Кавказ мусулмонларини мувофиқлаштириш марказининг “Уммат олдидаги хизматлари учун” ордени, Россия Имом Бухорий номидаги диний ташкилотининг “Ал-Илм” ордени бор.

