Спорт

Ўзбекистон миллий терма жамоаси кузда Россия билан ўртоқлик ўйини ўтказиши мумкин

Ўзбекистон миллий футбол терма жамоаси шу йилнинг куз фаслида Россия терма жамоаси билан ўртоқлик учрашуви ўтказиши эҳтимоли мавжуд.

Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси миллий терма жамоалар бўлими раҳбари Усмон Тошев Россияга қарши ўртоқлик ўйини ўтказиш масаласига тўхталиб ўтди.

"Биз Россия терма жамоаси билан майдонга тушишга тайёрмиз ва бу бизни хурсанд қилади. Ҳозирча бизнинг фақат битта тасдиқланган ўртоқлик ўйинимиз бор – бу октябр ойида Жанубий Кореяга қарши. Шу сабабли, биз Россия терма жамоаси билан сентябр-октябр ойларида ёки ноябр ойида ўйнаш имкониятини кўриб чиқишимиз мумкин.

Жамоаларимиз охирги марта тўрт йил аввал тўқнаш келишган эди. Бундай кучли рақиб билан яна ўйнаш биз учун қизиқарли бўларди. Албатта, қарор қабул қилишда биз Ассоциациянинг мавжуд таклифларини, бошқа Осиё жамоалари билан олиб борилаётган музокараларни ва бош мураббий Фабио Каннаваронинг фикрларини инобатга оламиз.

Агар тегишли таклиф келиб тушса, биз Россия терма жамоасини Тошкентда қабул қилишга ёки Москвага ёки Россиянинг бошқа исталган шаҳрига ўзимиз боришга тайёрмиз. Биз музокараларга тўлиқ очиқмиз ва ушбу ўйинни ўтказиш имкониятини муҳокама қилишдан мамнун бўламиз", – деди Тошев.