Ўзбекистон Лондон дизайн фестивалида маданий оммавий дастур билан иштирок этади
Ўзбекистон бу йилги Лондон дизайн фестивалида ҳунармандчилик ва замонавий санъатга бағишланган оммавий дастур билан иштирок этади. Виктория ва Алберт музейида сўзаналар коллексиясидан яратилган инсталляция, маҳорат дарси ва ўзбек хонандасининг жонли ижродаги чиқиши бўлиб ўтади.

Ўзбекистон Лондон дизайн фестивалида маданий оммавий дастур билан қатнашади
12−20-сентабр кунлари Лондон (Буюк Британия)даги Виктория ва Алберт музейида (В&А) бўлиб ўтадиган 2026-йилги Лондон дизайн фестивали доирасида Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси кўмагида миллий ҳунармандчилик ҳамда замонавий санъатга бағишланган оммавий дастур тақдим этилади, дея хабар берди жамғарма матбуот хизмати.
Фестивал доирасида 16-сентабр куни сўзана устаси Юлдуз Муҳиддинова томонидан Сузани Демонстратион (маҳорат дарси) ўтказилади. Унда ташриф буюрувчилар Ўзбекистоннинг ноёб тўқимачилик анъаналаридан бири бўлган сўзана тикиш техникаси ва рамзлар тили билан яқиндан танишиш имконига эга бўлади.
Шунингдек, дастур 18-сентабр куни Юлдуз Муҳиддинованинг яна бир маҳорат намойиши ҳамда ўзбек хонандаси Лайлонинг иккита жонли консерти билан давом этади.
Бундан ташқари, Лондонда яшовчи ўзбек рассоми Азиза Қодирийнинг Сендер Ункновн (Юборувчи номаълум) номли янги инсталляцияси намойиш этилади. Музей буюртмаси асосида яратилган ушбу асар В&А тўпламидаги тарихий сўзаналар коллексиясига таянган бўлиб, сунъий интеллект, замонавий санъат ва анъанавий ҳунармандчилик ўртасидаги боғлиқликни ўрганади.
Маълумот учун, 2003-йилдан бери ўтказиб келинаётган Лондон дизайн фестивали Буюк Британия ва бошқа мамлакатлар дизайнерлари, маданий муассасалари ҳамда ижодий ҳамжамиятларини бирлаштирувчи дунёнинг етакчи дизайн фестивалларидан бири саналади. Унда кўргазмалар, перформанслар, маҳорат дарслари, конференсия ва суҳбатлар ташкил этилади.

