Ўзбекистон камбағаллик босқичини ортда қолдириб, ўрта синф босқичига ўтмоқда. Жаҳон банки ютуқлар, рисклар ва тавсияларни санади
Жаҳон банкининг янги ҳисоботига кўра, Ўзбекистонда камбағаллик даражаси 5,8 фоизгача кескин пасайиб, ўрта синф улуши 37 фоиздан 72 фоизгача ўсди. Эндиликда мамлакат ўрта синфдагиларнинг қайта камбағалга айланмаслиги ва ҳудудлараро фарқларни камайтириш устида ишлаши лозим. Батафсил.

Ўзбекистон камбағаллик босқичидан чиқиб, ўрта синф босқичига яқинлашмоқда. Жаҳон банки бунинг ютуқлари, хатарлар ва тавсияларини баён қилди
23-сентабр куни Жаҳон банки Ўзбекистон Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан ҳамкорликда тайёрланган “Ўзбекистонда камбағаллик ва тенгликни баҳолаш: фаровонликка эришиш ва барча учун имкониятларни кенгайтириш сари” номли янги ҳисоботини тақдим этди.
Ҳисоботда Ўзбекистонда сўнгги йилларда камбағаллик даражаси 5,8 фоизгача тушгани, 3,7 млн одам камбағалликдан чиққани, ўрта синф улуши эса 37 фоиздан 72 фоизгача ошгани қайд этилган.
Тадбирда камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Ботир Заҳидов видеомурожаат орқали қатнашиб, ушбу ҳисобот бандлик ва ижтимоий ҳимоя соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатнинг ҳар бир минтақасидаги оилалар учун реал натижа бераётганини тасдиқлашини айтди.
“Вазирлик муносиб иш ўринларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, аҳоли даромадларини ошириш ва ижтимоий ҳимоя тизимини мустаҳкамлаш борасидаги ишларини давом эттиради, токи камбағалликни қисқартиришда эришилган ютуқлар барқарор бўлиб, мамлакатнинг барча ҳудудларини қамраб олсин”, — деди у.
Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий амалиёт директори Абебе Адугна эса Ўзбекистон олдидаги кейинги вазифа мамлакатдаги барча одамлар, қаерда яшашидан, жинсидан ёки ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, хавфсиз ва фаровон ҳаёт қуриш учун зарур бўлган кўникмалар, хизматлар ва имкониятлардан фойдалана олишини таъминлашдан иборат эканини айтди.
Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Нажи Бенхассин Ўзбекистон камбағалликни қисқартириш билан чекланиб қолмай, барқарор иқтисодий имкониятлар яратиш ва ўрта синфни мустаҳкамлаш сари ҳаракат қилаётганини таъкидлади.
“Эришилган натижанинг барқарорлигини таъминлаш ва уни мамлакатнинг ҳар бир вилояти, тумани ҳамда маҳалласига тарқатиш учун инсон капиталига сармоя киритиш, меҳнат бозорига борган сари юқори малака билан кираётган ёшлар учун иш ўринлари яратиш, аёлларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш, ҳудудлар ўртасидаги боғлиқликни ошириш ва самарали ижтимоий ҳимоя тизими ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади”, — деди у.
Шундан сўнг Жаҳон банки катта иқтисодчиси Икуко Уочи ва ташкилот етакчи иқтисодчиси Оберт Пимҳидзаи Ўзбекистондаги камбағаллик ва тенгликни баҳолаш натижалари билан батафсил таништирди.
Жаҳон банки иқтисодий синфларни камбағалликка қайтиш хавфи қанчалик юқори эканидан келиб чиқиб белгилайди. Бунда тўртта синф мавжуд бўлиб, улар қуйидагилар:
Ўзбекистонда 2021−2025-йиллар оралиғида камбағаллик даражаси жуда тез суръатда пасайди. Мамлакат камбағаллик даражаси бўйича ўз олдига қўйган миллий мақсадли кўрсаткичига (6 фоиз) муддатидан олдин эришди. Ушбу даврда миллий камбағаллик даражасининг пасайиши 11,2 фоиз бандни ташкил қилди. 3,7 млн аҳоли камбағалликдан чиқди.
Камбағаллик даражаси халқаро ўлчовлар бўйича ҳам сезиларли камайган. Харид қобилияти бўйича ҳисобланадиган юқори-ўрта даромадли мамлакатлар учун халқаро камбағаллик даражаси бўйича Ўзбекистон кўрсаткичи 26 фоиз бандга пасайган. Бу Европа ва Марказий Осиё минтақасида камбағал аҳоли сони қисқаришининг 40 фоизини ташкил этади.
Халқаро мезонлар бўйича мамлакатдаги камбағаллик динамикаси қуйидагича кўриниш олди:
2021−2025-йиллар оралиғида мамлакатда ҳар 10 кишидан 4 таси (43,6 фоиз) юқорироқ иқтисодий синфга кўтарилди, бунинг натижасида мамлакатда ўрта синф улуши 72 фоизга етди. 10,7 фоиз аҳоли қуйи синфга тушган бўлса, 45,7 фоиз аҳолининг синфи ўзгаришсиз қолди.
Ижобий ўзгаришларга қарамай, мамлакатда ҳар бешинчи киши таъсирчан гуруҳда қолмоқда
(камбағалликка қайтиш эҳтимоли 10 фоиздан баланд).
Аҳолининг даромад тоифалари бўйича тақсимланиши ўтган даврда қуйидагича бўлди:
Ўтган даврда камбағаллик даражаси юқори ҳудудларда бу кўрсаткич юқори суръатда қисқарди. Лекин юқори-ўрта синфнинг ўсиши асосан Тошкент шаҳрида кузатилди.
2022−2025-йилларда камбағаллик даражаси 8,4 фоиз бандга пасайган бўлса, бу пасайишнинг 3,1 фоизи ёлланма бандликнинг ошиши, 6,1 фоизи эса бир ходимга тўғри келадиган ёлланма меҳнат даромадларининг ўсиши ҳисобига юз берган. Бу даврда энг кам даромадли 20 фоиз эркаклар орасида ёлланма бандлик даражаси кескин ошди. Айни вақтда халқаро меҳнат миграцияси, қишлоқ хўжалигидаги фаолият ва ўзини-ўзи банд қилиш улуши камайди.
Мамлакатда иш ўринларини яратиш суръати юқори, бироқ уларнинг аксарияти норасмий ва паст унумдорликка эга. Янги иш ўринларининг учдан икки қисми қурилиш ва савдо соҳаларида яратилган бўлиб, уларнинг қарийб 85 фоизи норасмий иш ўринлари ҳисобланади. Реал меҳнат унумдорлиги пасайди (-4,2 фоиз).
Ўтган даврда хусусий секторда иш ҳақининг ошиши ўрта синф кенгайишининг асосий омилига айланган. Тошкент шаҳрида ўрта синф кенгайишининг учдан икки қисми хусусий секторда иш ҳақининг ошиши ҳисобига таъминланган. Тошкент шаҳридан ташқарида эса бу омил ўрта синф кенгайишининг 40 фоизини тушунтиради, яна 25 фоиз ҳисса давлат корхоналарида иш ҳақининг ошиши омилига тўғри келган.
Ўрта синфга мансублик олий маълумот ва ишга эга бўлиш, шунингдек, хизмат кўрсатиш соҳасида ёки юқори малакали иш ўрнига эга бўлиш билан боғланган.
Ҳисобот муаллифларининг қайд этишича, Ўзбекистонда ўрта синфнинг кенгайиши солиқ-буджет сиёсати бўйича ижтимоий шартномани ўзгартирмоқда. Ўрта синфдан солиқ тушумларининг кўпайиши янада самарали ижтимоий харажатлар учун имкониятлар яратмоқда. Лекин ўрта синфга мансуб уй хўжаликлари ҳам сезиларли тўлов ҳамда субсидиялар олишда давом этиши даромадларни қайта тақсимлаш самарадорлигини пасайтириши мумкин.
Ўзбекистонда мазкур тоифага мансуб уй хўжаликлари кам таъминланган оилаларга ёрдам кўрсатишни қўллаб-қувватламоқда. Шунингдек, айни вақтда улар таълим ва соғлиқни сақлаш хизматлари сифатини оширишни талаб қилмоқда.
Мамлакатда камбағал ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли ёки ишсиз, ёки яхши иш ўрнига эга эмас. Камбағалларнинг 55 фоизи иқтисодий фаол эмас, бу кўрсаткич юқори-ўрта синфга нисбатан уч бараварга кўп. Ишлайдиганларнинг деярли ярми эса норасмий банд бўлиб қолмоқда.
Хусусий сектордаги юқори малакали иш ўринларининг ярми Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида жойлашган. Энг кўп маош тўланадиган молия ва телекоммуникация соҳаларида юқори малакали иш ўринларининг деярли учдан икки қисми Тошкент шаҳрида жойлашган.
Тошкентдан ташқарида юқори малакали иш ўринларининг чекланганлиги халқаро меҳнат миграциясини рағбатлантирмоқда. Камбағал уй хўжаликларининг ярмидан кўпида меҳнат мигрантлари мавжуд. Ўрта синфга мансуб уй хўжаликларида бу кўрсаткич 6,5 фоизга тенг.
Жаҳон банки Ўзбекистоннинг камбағаллик ва тенгсизлик масаласидаги давлат сиёсатидан келажакда учта асосий натижани кутмоқда. Булар кенгроқ имкониятлардан аҳолининг барча қатламлари тенг фойдаланишини таъминлаш, хотин-қизларнинг иқтисодий ҳаётдаги иштирокини кенгайтириш, солиқ-буджет сиёсати ва ижтимоий ҳимоя тизимининг адолатлилигини ошириш ҳисобланади.
Бу мақсадга эришиш учун мамлакат иқтисодий ривожланишда ортда қолаётган ҳудудларни ўсиш қутблари билан боғлаши лозим. Шунингдек, ҳамёнбоп уй-жой, фундаментал билим ва кўникмаларни ўзлаштиришдаги бўшлиқларни бартараф этиш керак.
Айни вақтда инфратузилмадаги камчиликлар ва ҳудудларнинг ўзаро боғлиқлиги даражаси инклюзив минтақавий ривожланишни чекламоқда. Катта шаҳарлардан узоқлашган сари иқтисодий ўсишнинг тарқалиши сусайиб боради. Ҳудуддан катта шаҳаргача бўлган йўл вақти узайгани сари фаровонлик ҳам пасайиб бормоқда.
Мамлакат йирик шаҳарларга бориш вақтини қисқартирадиган йўллар қуриш ва транспорт тизимини ривожлантиришни устувор вазифага айлантириши лозим. Шунингдек, фойдаланиш имконияти етарли бўлмаган ҳудудларда рақамли тармоқлар қамровини кенгайтириш керак. Ўз навбатида бу вазифалар санитария ва маҳаллий хизматларни таъминлаш билан параллел равишда кечиши керак бўлади. Бундан ташқари, ҳисобот муаллифлари туман ва маҳаллаларга инвестицияларнинг устуворлигини белгилаш ваколатини беришга чақирмоқда.
Тошкент шаҳрида уй-жойнинг бир квадрат метри аксарият ҳудудларга қараганда 2−3 баравар қиммат, сўнгги йилларда нархлар икки бараварга ошган. Мамлакат пойтахт ва бошқа ўсиш марказларида арзон ижара уйлар фондини кенгайтириши лозим. Шунингдек, уй-жойларни транспорт, иш ўринлари ва асосий хизматлар билан боғлаш керак бўлади.
Фундаментал билимлар даражаси пастлиги ва олий таълим олиш имкониятидаги тенгсизлик камбағал уй хўжаликлари аъзоларининг юқори маошли иш топишига тўсқинлик қилмоқда. ПИСА-2022 натижаларига кўра, мамлакатда 15 ёшли ўқувчиларнинг 80 фоизи билим бўйича минимал талаблар даражасида таълим олмаган. Олий таълим қамрови ҳудудлар кесимида бирдек эмас: Тошкент шаҳрида 63 фоизни, Наманганда 23 фоизни ташкил этади.
Мамлакат ўқитувчиларни тайёрлаш, билимларни баҳолаш тизими ва таълимдаги бўшлиқларни тўлдиришга қаратилган қўллаб-қувватлаш ёндашувини замонавийлаштириши лозим. Мактабларнинг тўлиб кетиши ва кўп сменали таълим ҳолатларини камайтириб, тўлиқ кунлик мактаблар тармоғини кенгайтириш керак.
Параллел равишда рақамли касб-ҳунар ва олий таълим имкониятларини айниқса СТЕМ ва АКТ соҳаларида кенгайтириш талаб этилади. Шунингдек, хусусий секторни янада диверсификация қилиш учун кўникмаларни маҳаллий талабга мослаштириш керак бўлади.
Мамлакатда камбағал уй хўжаликларида ишловчилар сони камроқ, айни вақтда уларнинг қарамоғидагилар кўпроқ бўлиб турибди. Камбағал ва таъсирчан гуруҳга кирувчи уй хўжаликларида иқтисодий фаол бўлмаган катта ёшдагиларнинг 92 фоизи аёллар ҳисобланади.
Ўрта ҳисобда ҳар бир камбағал уй хўжалигига қарамоғида бўлган 2,5 нафар бола ва қария тўғри келади, юқори-ўрта синфда бу кўрсаткич 1,2 ни ташкил этади.
Мамлакатда аёлларга ишлаш имконини берувчи парваришлаш хизматлари инфратузилмасини яратиш лозим. 2 ёшгача болалари бор оналарнинг иш билан банд бўлиш эҳтимоли қолганлардан 36 фоизга пастроқ.
Давлат ташкилотлари ва давлат-хусусий шериклик орқали болалар парвариш қилиш бўйича мақбул нархдаги хизматлар кўламини кенгайтириш лозим. Шунингдек, ижтимоий ҳимоя тизими доирасида болаларни парвариш қилиш хизматларини манзилли қўллаб-қувватлаш имкониятини кўриб чиқиш керак. Таълим натижаларини яхшилаш ва оналар бандлигини ошириш учун эса тўлиқ кунлик бошланғич мактаблар тармоғини кенгайтириш лозим.
Аёллар учун СТЕМ, АКТ, сунъий интеллект, туризм ва меҳмондўстлик соҳаларида техник ва касб-ҳунар таълими дастурларини, шунингдек, қисқа муддатли сертификатланган курсларни кенгайтириш лозим. Маҳаллий ҳамжамиятлар даражасида амалга оширилаётган малака ошириш ва қайта ўқитиш дастурларини маҳаллий ищи кучига бўлган талаб билан мувофиқлаштириш керак. Шунингдек, мос бўш иш ўринларини танлаш, ишга жойлашишга кўмаклашиш ва иш берувчилар билан ҳамкорлик қилиш хизматлари ҳам мақсадга эришишда ёрдам беради.
Бундан ташқари, Жаҳон банки меҳнат фаолиятини ва пенсия бадалларини тўлаш даврини узайтириш учун пенсия ёшини аёллар ва эркаклар учун босқичма-босқич тенглаштиришни тавсия қилган.
Иш жойларига эга бўлиш имконияти чеклангани сабабли камбағал уй хўжаликлари асосан трансфертларга таяниб кун кўради, бироқ сўнгги йилларда мамлакатда кам таъминланган оилалар нафақасини тўлаш қамрови қисқарган (2022-йилдаги 26,1 фоиздан 2025-йилда 7,8 фоизгача камайган). Айни вақтда мамлакатдаги камбағал уй хўжаликларининг 45 фоизи меҳнат даромадига эга эмас.
Яхши йўналтирилган ва мослашувчан ижтимоий ҳимоя тизими камбағал ва таъсирчан уй хўжаликларини самарали қўллаб-қувватлайди. Шу сабабли таъсирчан гуруҳга мансуб уй хўжаликларини ҳимоя қилиш учун кам таъминланган оилаларга бериладиган нафақа қамровини кенгайтириш, манзилли тайинлаш аниқлигини эса ошириш лозим.
Ижтимоий ҳимоя тизими шокларга тезкор жавоб бера оладиган даражада мослашувчан бўлиши лозим. Бундан ташқари, манзилсиз энергия субсидияларини қисқартириш ва бўшаган маблағларни манзилли ёрдамга йўналтириш керак бўлади.

