Ўзбекистон иқтисодиётида хизматлар соҳасининг улуши 50 фоиздан ошди
Ярим йиллик натижалар мамлакат иқтисодиёти таркибида хизматлар соҳаси етакчи ўринга чиққанини кўрсатди. Бошқа тармоқлар улуши

Ўзбекистон иқтисодиётида хизматлар сектори улуши 50 фоиздан ошди.
Миллий статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, 2026-йилнинг дастлабки олти ойида Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) таркибидаги тармоқларнинг умумий қўшилган қиймати 1 027,6 триллион сўмни ташкил этиб, бу умумий ЯИМнинг 95,8 фоизини ташкил қилди. Маҳсулотларга нисбатан соф солиқлар эса 45 триллион сўмга етиб, ЯИМнинг 4,2 фоизини ташкил этди.
Тармоқлар бўйича ялпи қўшилган қийматнинг энг катта қисми хизматлар соҳасига тўғри келди. Ушбу йўналишда 521,6 триллион сўмлик қўшилган қиймат яратилиб, бу умумий ҳажмнинг 50,8 фоизини ташкил этди.
ЯИМ таркибида хизматлар соҳасидан кейин иккинчи ўринни саноат эгаллади. Ҳисобот даврида саноат тармоғининг ялпи қўшилган қиймати 272,6 триллион сўмга етиб, унинг улуши 26,5 фоизни ташкил қилди.
Қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги соҳасида 154,3 триллион сўмлик ялпи қўшилган қиймат ҳосил бўлди. Бу тармоқнинг ЯИМдаги улуши 15 фоизни ташкил этди.
Қурилиш соҳасида эса ярим йил давомида 79,2 триллион сўм ялпи қўшилган қиймат шаклланди. Натижада ушбу тармоқнинг иқтисодиётдаги улуши 7,7 фоизга етди.
2026-йилнинг биринчи ярмидаги ушбу кўрсаткичлар хизматлар соҳасининг Ўзбекистон иқтисодиётида энг катта қўшилган қийматни яратувчи тармоқ эканлигини тасдиқлайди, унинг улуши 50 фоиздан ошган.

