Ўзбекистон инвесторларга йирик газ ресурсларига эга 128 та нефт-газ блокларини таклиф этади
Ўзбекистон мамлакатнинг турли ҳудудларидаги 128 та нефт-газ блокларини хорижий инвесторларга таклиф этишни режа қилмоқда, дея маълум қилди президент. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу блоклар 5,8 трлн куб метр газ ва 560 млн тонна суюқ углеводород ресурсларини ўз ичига олади.

Ўзбекистон инвесторларга йирик газ захираларига эга 128 та нефт-газ блокини таклиф этади
Ўзбекистон нефт-газ соҳасида геология-қидирув ишларини кенгайтириш, конлар самарадорлигини ошириш ва хомашёни чуқур қайта ишлаш йўналишларида хорижий компаниялар билан ҳамкорликни кучайтиришни мақсад қилган. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 16-октабр куни ёқилғи-энергетика тармоғи инвесторлари билан ўтказилган очиқ мулоқотда маълум қилди.
Давлат раҳбарининг айтишича, ҳозирда Озарбайжоннинг СОСАР ва Буюк Британиянинг БП (Бритиш Петролеум) компаниялари Устюрт минтақасидаги олтита инвестиция блокида геология-қидирув ишларини олиб бормоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида хорижий ҳамкорларга таклиф этилиши режалаштирилган яна 128 та блок тайёрланган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу блокларнинг ресурслари 5,8 трлн куб метр табиий газ ва 560 млн тонна суюқ углеводородларни ташкил этади.
Президент ушбу ресурсларни ўзлаштиришда рақобат, шаффофлик ва иқтисодий самарадорлик асосий мезон бўлиши кераклигини таъкидлади.
128 та блок жойлашган аниқ ҳудудлар, уларни инвесторларга таклиф этиш муддатлари ва ҳамкорликнинг тахминий шартлари ҳозирча аниқлаштирилмаган. Шунингдек, дастлаб баҳоланган ресурсларнинг қанча қисми қазиб олинадиган захираларга тегишли бўлиши мумкинлиги ҳам маълум қилинмаган.
Ўзбекистон Энергетика вазирлиги, Озарбайжон давлат нефт компанияси (СОСАР) ва “Ўзбекнефтгаз” 2025-йил 24-июл куни беш йил муддатга маҳсулот тақсимотига оид битим (МТБ) имзолаган эди.
Ҳужжат Устюрт нефт-газли минтақасининг инвестиция блокларида геология-қидирув ишларини олиб бориш ва кейинчалик углеводородларни қазиб олишни назарда тутади.
Ҳужжатга кўра, қидирув ва разведка ишлари, шунингдек, камида битта разведка қудуғини бурғилаш беш йил давомида якунланиши режалаштирилган. Ушбу давр мобайнида СОСАР оператор вазифасини бажаради.
Лойиҳа доирасида 100 млн тонна нефт ва 35 млрд куб метр табиий газ аниқланиши прогноз қилинмоқда. Мутахассисларнинг фикрича, гап “улкан нефт ресурсларига эга йирик коннинг очилиш эҳтимоли” ҳақида бормоқда.

