Ўзбекистон ҳудудларининг прогрессив рейтинги эълон қилинди
Прогрессив ислоҳотлар маркази Ўзбекистон ҳудудларининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини баҳоловчи «Ҳудудларнинг прогрессив рейтинги»нинг навбатдаги натижаларини эълон қилди

Ўзбекистон ҳудудлари бўйича прогрессив рейтинг эълон қилинди
Прогрессив ислоҳотлар маркази Ўзбекистон ҳудудларининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини баҳоловчи «Ҳудудларнинг прогрессив рейтинги»нинг навбатдаги натижаларини тақдим этди. Ушбу рейтинг учинчи йил кетма-кет эълон қилинмоқда.
Рейтингда ҳудудлар соғлиқни сақлаш, таълим, иқтисодиёт, инфратузилма, имкониятлар, жамоат хавфсизлиги ҳамда табиий муҳит йўналишлари бўйича баҳоланади. Хусусан, соғлиқни сақлашда тиббий хизматлардан фойдаланиш ва аҳоли саломатлигига доир 14 та, таълимда 7 та, иқтисодиётда эса бизнес муҳити, меҳнат бозори ва иқтисодий ўсишга оид 9 та индикатор ҳисобга олинади.
Инфратузилма рейтинги уй-жой фонди, транспорт ва алоқа бўйича 8 та кўрсаткич асосида шакллантирилади. Имкониятлар йўналиши эса яшаш шароитлари, иқтисодий имкониятлар ва гендер тенглиги бўйича 11 та индикаторни ўз ичига олади. Жамоат хавфсизлигида 5 та, табиий муҳитда эса 4 та кўрсаткич баҳоланади.
Марказнинг 2026 йил учун янгиланган рейтингига кўра, Тошкент шаҳри Ўзбекистондаги энг яхши ҳудуд деб топилди.
Умумий рейтингда ундан кейинги ўринларни Навоий вилояти, Хоразм вилояти, Бухоро вилояти ва Сирдарё вилояти эгаллади. Кучли ўнликка, шунингдек, Наманган, Тошкент, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ҳам кирди.
Алоҳида йўналишларда ҳам етакчилар турлича. Масалан, соғлиқни сақлаш бўйича Жиззах вилояти 1-ўринни, Тошкент шаҳри 2-ўринни, Қашқадарё вилояти 3-ўринни олди.
Таълим йўналишида Тошкент шаҳри биринчи, Самарқанд вилояти иккинчи, Наманган вилояти учинчи бўлди. Иқтисодиётда ҳам Тошкент шаҳри етакчилик қилди, Навоий вилояти иккинчи, Бухоро вилояти учинчи ўринни эгаллади.
Инфратузилма бўйича Тошкент шаҳри 1-ўринда, Тошкент вилояти 2-ўринда, Фарғона вилояти 3-ўринда қайд этилган.
Имкониятлар йўналишида ҳам Тошкент шаҳри биринчи ўринни сақлаб қолди. Кейинги ўринларда Навоий ва Хоразм вилоятлари жойлашди.
Жиноят ва тузатишлар бўйича Навоий вилояти 1-ўринни, Сирдарё вилояти 2-ўринни, Хоразм вилояти 3-ўринни эгаллаган.
Табиий муҳит бўйича эса Наманган вилояти етакчи бўлди. Қашқадарё вилояти 2-ўринда, Хоразм вилояти 3-ўринда қайд этилди.
Шу тариқа, Тошкент шаҳри умумий рейтингда 1-ўринни эгаллаган бўлса-да, барча йўналишларда етакчи эмас. Масалан, у соғлиқни сақлашда 2-ўринда, жиноят ва тузатишлар бўйича эса 12-ўринда қайд этилган.
Маълумот учун, Марказнинг аввалги, 2024 йил якунлари бўйича эълон қилинган комплекс рейтингида Тошкент шаҳри 1-ўрин, Навоий вилояти 2-ўрин, Бухоро вилояти 3-ўринни эгаллаган. Кейинги ўринларда Хоразм, Сирдарё ва Самарқанд вилоятлари жой олган. Қуйи учликда эса Наманган, Сурхондарё ва Жиззах вилоятлари қайд этилган.

