Маҳаллий

Ўзбекистон Ҳиндистондан кўпроқ оилавий сайёҳларни жалб қилади. Ҳайдарободдан Тошкентга рейслар қўйилади

Ўзбекистон оилавий туризмга урғу берган ҳолда Ҳиндистондан келувчи сайёҳлар оқимини оширишни режалаштирмоқда. Мамлакатни тарғиб қилиш учун ҳиндистонлик блогерлар ва туроператорлар жалб этилади. 28-сентабрдан ҳафтасига икки марта Ҳайдаробод — Тошкент авиарейсини йўлга қўйиш ҳам режа қилинган.

Ўзбекистон Ҳиндистондан келувчи сайёҳлар сонини оширишни мақсад қилган бўлиб, бунда болали оилавий саёҳатларга устувор аҳамият берилади. Бу ҳақда Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аккулов “Ўзбекистон 24” телеканалига берган интервюсида маълум қилди.

Аккуловнинг таъкидлашича, “Ҳиндистон биз учун туристлар оқимини оширишда жуда яхши потенсиалга эга. Лекин бу борада асосий мўлжалимиз оилавий туризм — болалар ва оиласи билан саёҳат қилувчилар бўлади”.

Қўмита раҳбари ҳозирда таниқли ҳиндистонлик блогерлар ва инфлюенсерлар билан музокаралар олиб борилаётганини билдирди. “Улар Ўзбекистонни хавфсиз йўналиш сифатида тарғиб қилиш билан шуғулланишади”, — деди Абдулазиз Аккулов.

Бундан ташқари, Туризм қўмитаси Ҳиндистоннинг йирик туроператорлари билан ҳамкорлик қилмоқда. Октабр ойида Тошкентда туризм соҳаси вакилларини тақдирлаш маросими ҳамда туроператорлар учун Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари бўйлаб танишув турини ташкил этиш режалаштирилган.

“Ушбу туроператорлар учун тарихий шаҳарларимиз бўйлаб инфотур ҳам ташкил этамиз. Шунингдек, маҳаллий туроператорларимиз билан Б2Б учрашувлари ўтказилади”, — деди қўмита раиси.

7-сентабр куни Туризм қўмитаси Сентрум Аир авиакомпанияси билан биргаликда Ҳиндистоннинг Ҳайдаробод шаҳрида роуд-шоу ўтказишни режалаштирмоқда.

“28-сентабрдан бошлаб ҳафтасига икки марта қатнайдиган янги Ҳайдаробод — Тошкент рейси йўлга қўйилади”, — дея маълум қилди Абдулазиз Аккулов.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, сўнгги йилларда Ҳиндистон фуқароларининг Ўзбекистонга сайёҳлик ташрифлари сони сезиларли даражада ошган. 2023-йилда бу кўрсаткич 45,5 минг, 2024-йилда 70,6 минг, 2025-йилда эса 80,9 мингни ташкил этди. Шу тариқа, 2022−2025-йиллар оралиғида бу кўрсаткич деярли 1,8 бараварга ортди.

2025-йил якунларига кўра, Ҳиндистон фуқароларининг Ўзбекистонга саёҳатлари сони бўйича давлатлар орасида тўққизинчи ўринни эгаллади. Дастлабки учта ўринни Қирғизистон (3,3 млн ташриф), Тожикистон (2,7 млн) ва Қозоғистон (2,7 млн) банд этган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.