Ўзбекистон ҲҲК Бразилиянинг С-390 Милленниум самолётини қабул қилиб олди
Бразилиянинг Эмбраер компанияси Ўзбекистон Ҳарбий-ҳаво кучларига илк С-390 Милленниум кўп вазифали ҳарбий-транспорт самолётини топширди. Топшириш

Ўзбекистон ҲҲК Бразилияда ишлаб чиқарилган С-390 Милленниум самолётини қабул қилиб олди
Бразилиянинг Эмбраер компанияси Ўзбекистон Ҳарбий-ҳаво кучларига илк С-390 Милленниум кўп вазифали ҳарбий-транспорт самолётини топширди. Топшириш маросими компаниянинг Бразилиядаги Гавиан-Пейшоту ишлаб чиқариш мажмуасида бўлиб ўтди.
Маросимда Ўзбекистон Ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондони генерал-маёр Аҳмад Бурхонов ҳамда «Ўзтехтрейд» давлат муассасаси директори Олимхон Бақиевич Рустамов қатнашди.
Томонлар ўртасидаги шартнома 2024-йил охирида имзоланган бўлиб, у самолёт билан бир қаторда мутахассисларни тайёрлаш, техник қўллаб-қувватлаш ва эҳтиёт қисмлар етказиб беришни ҳам ўз ичига олади.
Шу билан Ўзбекистон С-390 Милленниум самолётидан фойдаланадиган Марказий Осиёдаги илк давлатга айланди.
С-390 Милленниум 26 тоннагача юк кўтара олади ва соатига 470 узел тезликда учиши мумкин. Ушбу самолёт юк ҳамда ҳарбийларни ташиш, ҳаводан юк ташлаш, тиббий эвакуация, қидирув-қутқарув, ёнғин ўчириш ва гуманитар операцияларда ишлатилиши мумкин. У тайёрланмаган ёки вақтинчалик учиш-қўниш йўлакларидан ҳам фойдалана олади.
Махсус жиҳозлар ўрнатилганда С-390 ҳавода бошқа самолётларга ёқилғи қуйиш ёки ўзи ҳавода ёқилғи қабул қилиш имкониятига эга бўлади.
Эмбраер компанияси маълумотига кўра, ушбу самолёт Бразилиядан ташқари Португалия, Венгрия, Жанубий Корея, Нидерландия, Австрия, Чехия, Швеция, БАА, Словакия, Колумбия ва Литва томонидан ҳам танланган.

