Ўзбекистон ҳайдовчилик гувоҳномалари Германияда тан олиниши мумкин
Шунингдек, автобус ва юк автомобили ҳайдовчиларини Германия иш берувчилари талаблари асосида тайёрлайдиган қўшма ҳайдовчилик мактабини

Ўзбекистонда берилган ҳайдовчилик гувоҳномаларининг Германияда бевосита тан олиниши эҳтимоли кўриб чиқилмоқда. Бу масала Миграция агентлиги раҳбари ўринбосари Элёр Тоштемировнинг Германиянинг «Глобал Талент Аллиансе» ва «ЦК Логистик» компаниялари вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувида муҳокама қилинди.
Суҳбат давомида ўзбекистонлик фуқароларни Германиянинг транспорт-логистика соҳасида иш билан таъминлаш, уларни маҳаллий талаблар асосида тайёрлаш ҳамда виза расмийлаштиришдаги муаммоларни бартараф этиш масалалари кўриб чиқилди.
Бундан ташқари, автобус ва юк автомобили ҳайдовчиларини Германия иш берувчилари талабларига мос равишда тайёрлайдиган қўшма ҳайдовчилик мактабини ташкил этиш таклифи билдирилди.
Учрашув якунида Миграция агентлиги ва «Глобал Талент Аллиансе» ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланди.
Агентлик қўшма ҳайдовчилик мактабини ташкил этиш ташаббусини қўллаб-қувватлашга тайёр эканини маълум қилди.
Ҳайдовчилик гувоҳномаларини ўзаро тан олиш масаласи ҳозирча таклиф даражасида қолмоқда ва бу борада якуний келишувга эришилмаган.

