Ўзбекистон ҳарбийлари Британиядаги “Кембрия патрули” халқаро мусобақасида иккинчи ўринни эгаллади
Ўзбекистон ҳарбийлари Буюк Британияда ўтказилган “Кембрия патрули” халқаро мусобақасида кумуш медални қўлга киритди. 35 га яқин мамлакатдан 140 дан ортиқ гуруҳ қатнашган синовлар 48 соат давом этди. Ўзбекистон жамоаси мусобақада 2017-йилдан буён иштирок этиб келмоқда.

Ўзбекистон ҳарбийлари Британиядаги “Кембрия патрули” халқаро мусобақасида иккинчи ўринни қўлга киритди
Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиларидан тузилган жамоа Буюк Британиянинг Уелс шаҳрида бўлиб ўтган “Кембрия патрули” (Самбриан Патрол) халқаро ҳарбий мусобақасида кумуш медалга сазовор бўлди.
Мусобақада Буюк Британия, АҚШ, Франсия, Германия, Италия, Покистон ва Қозоғистон каби 35 га яқин давлатдан 140 дан ортиқ патрул гуруҳи қатнашди.
Иштирокчилар 48 соат давомида тоғли, ботқоқли ва бориш қийин ҳудудларда мураккаб синовлардан ўтди. Улар тахминан 70 километр масофани босиб ўтиб, разведка вазифаларини бажариш, шартли жанг ссенарийларини ишлаб чиқиш, тўсиқларни енгиб ўтиш ва ярадорларга биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича кўникмаларини намойиш этди. Шунингдек, кимёвий, биологик, радиологик ва ядровий таҳдидлар шароитида ҳаракат қилиш қобилияти ҳам синовдан ўтказилди.
“Кембрия патрули” мусобақаси 1959-йилдан бери ўтказиб келинади. Ҳозирда уни Буюк Британия Қуролли Кучларининг 160-Уелс бригадаси ташкил этади. Мусобақа ҳарбий бўлинмаларнинг амалий тайёргарлигини синаш, тажриба алмашиш ва халқаро ҳарбий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган.
Ўзбекистон ҳарбийлари мусобақада илк бор 2017-йилда қатнашиб, иккинчи ўринни эгаллаган. 2018 ва 2019 йилларда жамоа олтин медални қўлга киритган. 2020−2025-йиллар давомида ҳам жамоа кумуш медаллар олган.

