Ўзбекистон Германиянинг кўчмас мулкни бошқариш тажрибасини ўрганди
Ўзбекистон ва Германия вакиллари давлат кўчмас мулкини бошқариш, рақамли реестрлар ва активлардан самарали фойдаланиш тажрибасини муҳокама қилди.

Ўзбекистон Германиянинг кўчмас мулкни бошқариш борасидаги тажрибасини ўрганди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги (ДАБА) 27-август куни Германия вакиллари билан биргаликда давлат кўчмас мулкини бошқаришда замонавий ёндашувларга бағишланган онлайн-семинар ўтказди. Бу ҳақда ДАБА хабар берди.
Тадбирда Германия Федерал кўчмас мулк институти (БИмА), Германия Федерал молия вазирлиги, Халқаро ҳамкорлик бўйича Германия жамияти (ГИЗ) ва Индесон Сонсултинг вакиллари иштирок этди.
Семинарнинг асосий мавзуси Германиянинг давлат кўчмас мулкини марказлаштирилган бошқариш тажрибаси ҳамда давлат обьектларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишнинг амалий механизмлари бўлди.
ДАБА директори Соҳибжон Муродов Германиянинг кўп йиллик тажрибаси Ўзбекистонда давлат мулкини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш учун катта қизиқиш уйғотишини таъкидлади. У, хусусан, БИмА институционал моделини, шунингдек, давлат кўчмас мулкини баҳолаш, сотиш ва ижарага бериш механизмларини алоҳида қайд этди.
БИмА вакиллари Ёрг Музиал ва Роберт Эрфен Германияда федерал кўчмас мулкни бошқариш, обьектлардан самарали фойдаланиш ва уларга техник хизмат кўрсатиш бўйича амалий ёндашувларни тақдим этдилар. Иштирокчилар, шунингдек, обьектларни марказлаштирилган бошқарувга ўтказиш ва давлат активларининг рақамли реестрларини юритиш механизмларини кўриб чиқдилар.
Фойдаланилмаётган ёки етарлича самарали ишлатилмаётган давлат кўчмас мулки обьектларини иқтисодий муомалага жалб қилиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Германия Федерал молия вазирлиги бўлинмаси раҳбари Кристина Клас Ўзбекистонда давлат активларини бошқариш ва хусусийлаштириш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади. Унинг сўзларига кўра, мамлакат мулкни бошқаришнинг замонавий механизмларини изчил жорий этмоқда ва хусусий секторнинг ролини кенгайтирмоқда.
Семинар давомида томонлар ушбу соҳада Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини ҳам муҳокама қилдилар. Давлат кўчмас мулкини бошқариш бўйича тажриба алмашинувини уч босқичда амалга ошириш режалаштирилган.
Биринчи босқичда Агентлик мутахассислари учун онлайн ўқув семинарлари ташкил этилади. Кейин Германия экспертлари ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини аниқлаш учун Ўзбекистонга ташриф буюради. Учинчи босқич Агентлик делегациясининг Германияга амалий ташрифини назарда тутади. Ташриф давомида БИмА фаолияти ва давлат кўчмас мулкини бошқаришнинг амалдаги механизмлари ўрганилади.
Семинар якунлари бўйича иштирокчилар тажриба алмашинувини янада ривожлантириш ва замонавий ёндашувларни Ўзбекистон давлат активларини бошқариш тизимига жорий этиш истиқболларини муҳокама қилдилар.

