Спорт

Ўзбекистон делегацияси Пара Осиё ўйинларида умумжамоа ҳисобида 2-ўринда бормоқда

Японияда ўтаётган В ёзги Пара Осиё ўйинларида Ўзбекистон делегацияси медаллар сонини 105 тага етказди. Ҳамюртларимиз

Ўзбекистон делегацияси Пара Осиё ўйинларида умумжамоа ҳисобида 2-ўринда бормоқда

Японияда бўлиб ўтаётган В ёзги Пара Осиё ўйинларида Ўзбекистон спортчилари медаллар жамғармасини янада бойитишда давом этмоқда. Сўнгги натижалар ортидан делегация ҳисобидаги медаллар сони 107 тага етди.

22-октябр куни Айти–Нагоя–2026 Пара Осиё ўйинларида Ўзбекистон вакиллари пара енгил атлетика, пара велоспорт, пара пауерлифтинг, пара ўқ отиш, пара сузиш ва пара қиличбозлик бўйича беллашувларда қатнашмоқда.

Сўнгги маълумотларга кўра, Ўзбекистон делегацияси 34 та олтин, 38 та кумуш ва 35 та бронза — жами 107 та медал билан умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринда кетмоқда. Биринчи поғонада Хитой, учинчи ўринда эса Япония жойлашган.

Сузиш баҳсларида ҳамюртларимиз яна иккита медални қўлга киритди. Эркаклар ўртасида С13 классида 50 метрга эркин усулда сузиш финалида Егор Болотов 24,39 сония натижа билан маррага биринчи бўлиб етиб келди ва олтин медалга сазовор бўлди.

Шунингдек, С8 классида 100 метрга чалқанча сузиш баҳсларида Азизбек Бойназаров 1 дақиқа 7,93 сония натижа билан иккинчи ўринни эгаллаб, кумуш медални қўлга киритди.

Пара енгил атлетикада ҳам Ўзбекистон вакиллари юқори натижаларни қайд этди. Эркаклар ўртасида Ф36 классида ядро улоқтириш бўйича Баротжон Бахтиёров 15,98 метр натижа билан чемпион бўлди ва Пара Осиё ўйинлари рекордини янгилади.

Аёллар ўртасида Ф46 классида найза улоқтириш финалида Шаҳинахон Йигиталиева 44,99 метр натижа билан олтин медални қўлга киритиб, Осиё рекордини янгилади. Шу баҳсда Хуснорахон Қудратуллаева 41,91 метр натижа билан кумуш медалга сазовор бўлди.

Ядро улоқтириш мусобақаларида Моҳигул Шаробидинова Ф56/57 классида 8,46 метр натижа билан кумуш медални қўлга киритди. Ф35 классида Дилафрўзхон Аҳмадхонова 9,05 метр натижа билан кумуш, Зуҳро Файзуллаева эса 7,57 метр натижа билан бронза медал соҳиби бўлди.

Ф37 классида Зоҳира Қозоқова 9,25 метр натижа билан бронза медални қўлга киритди. Эркаклар ўртасида Т12 классида узунликка сакраш баҳсларида эса Севинчбек Ҳусанов 6,54 метр натижа билан кумуш медалга сазовор бўлди.

Пара велоспортнинг шоссе йўналишида ҳам Ўзбекистон спортчилари шоҳсупага кўтарилди. Аёллар ўртасида Т1–2 класси гуруҳ пойгасида Маржона Пардабоева 1:08:27 натижа билан олтин, Одина Ҳамдамова 1:08:35 натижа билан кумуш медални қўлга киритди.

Шу тариқа, Ўзбекистон делегацияси байроқдори Маржона Пардабоева мазкур Пара Осиё ўйинларининг икки карра чемпионига айланди.

Шунингдек, аёллар ўртасида Ҳ1–3 класси гуруҳ пойгасида Покиза Аҳмадбекова, эркаклар ўртасида Т1–2 класси гуруҳ пойгасида эса Жаҳонгир Халилов бронза медалларига сазовор бўлди.

Мусобақалар давом этаётгани сабабли умумжамоа ҳисобидаги ўринлар ва медаллар сони ўзгариши мумкин.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.