Ўзбекистон БМТ конгрессига мезбонлик қилади (фото)
Ўзбекистоннинг очиқлик сиёсатига, мулоқотга доим тайёрлигига ҳамда глобал мақсадлар йўлида кучларни бирлаштира олиш қобилиятига халқаро

Ўзбекистон БМТ конгрессига мезбонлик қилади (фото)
Ўзбекистон Президенти администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева БМТ Бош Ассамблеясидаги иштирокидан кейин Абу-Даби шаҳрида иш бошлаган БМТнинг Жиноятчиликнинг олдини олиш ва жиноий одил судлов бўйича 15-конгрессида қатнашди.
Дунёнинг турли давлатларидан қарийб 5 минг вакил иштирок этаётган ушбу нуфузли анжуманда глобал аҳамиятга эга долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Жумладан, трансмиллий жиноятчилик, терроризм, наркотрафик, коррупсия ва экологик ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, шунингдек, болалар ҳимояси ҳамда қонун устуворлигини мустаҳкамлаш бўйича умумий ечимларни талаб этувчи чора-тадбирлар кўриб чиқилди.
Конгресс доирасида Саида Мирзиёева БМТ Бош котиби ўринбосари, ташкилотнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ижрочи директори Моника Жума билан учрашди. Суҳбат чоғида Ўзбекистон ушбу тузилма билан фаол ҳамкорлик қилиб, бир қатор муҳим қўшма лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошираётгани мамнуният билан қайд этилди.
Мазкур конгресс Ўзбекистон учун тарихий аҳамиятга эга бўлди. Барча иштирокчи давлатлар навбатдаги конгрессни Ўзбекистонда ўтказиш ҳақидаги мамлакатимиз ташаббусини бир овоздан қўллаб-қувватлади ва бу қарор якуний декларацияда ҳам ўз аксини топди.
Саида Мирзиёева ушбу муваффақиятни Ўзбекистоннинг очиқлик сиёсати, мулоқотга доим тайёрлиги ҳамда глобал мақсадлар йўлида кучларни бирлаштира олиш салоҳиятига халқаро миқёсда билдирилган юксак ишонч ифодаси сифатида баҳолади.
Олдинда беш йиллик тайёргарлик даври бор. 2031 йилда Ўзбекистон бутун дунёдан келадиган делегатларни қабул қилади.

