Ўзбекистон 2027-йилда МДҲга раислик қилади: Мирзиёев устувор йўналишларни белгилаб берди
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон раислиги даврида аниқ ва сезиларли натижа берадиган масалаларга эътибор қаратилишини таъкидлади. Булар

**Ўзбекистон 2027-йилда МДҲга раислик қилади: Мирзиёев устувор йўналишларни белгилади**
Ўзбекистон 2027-йилда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига раислик қилади. Президент Шавкат Мирзиёев МДҲ давлат раҳбарлари саммитида мамлакат раислиги даврида устувор бўладиган йўналишларни баён этди.
Кенгайтирилган таркибда ўтган йиғилишда саммитнинг фахрий меҳмони — Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён ҳам қатнашди.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон раислиги даврида аниқ ва сезиларли натижа берадиган масалаларга алоҳида эътибор қаратилишини таъкидлади. Бу йўналишлар иқтисодиёт, янги технологиялар, транспорт, хавфсизлик, таълим, илм-фан ва инсон салоҳиятини ривожлантиришни қамраб олади.
Ўзбекистоннинг МДҲга раислиги «МДҲ — ишонч ва умумий тараққиёт макони» шиори остида ўтади. Ҳозир раислик консепсияси ва тадбирлар режаси тайёрланмоқда. Унда 100 дан ортиқ аниқ тадбирни амалга ошириш кўзда тутилган.
Президент Ҳамдўстлик доирасида сиёсий мулоқотни сақлаш ва мустаҳкамлаш муҳимлигини қайд этди. Унинг айтишича, дунёдаги вазият тобора мураккаблашиб бораётган бир пайтда давлатлар ўртасида ҳар қандай масалани хотиржам муҳокама қилиш, бир-бирини тинглаш ва барча учун мақбул ечимларни излаш имкониятини сақлаб қолиш зарур.
Иқтисодий ҳамкорликда асосий эътиборни саноат кооперациясига қаратиш таклиф қилинди. МДҲ давлатларининг ишлаб чиқариш салоҳияти, ресурслари, технологиялари ва бозорларини бирлаштириш, қўшма ишлаб чиқариш қувватларини яратиш ҳамда барқарор етказиб бериш занжирларини йўлга қўйиш барча иштирокчилар учун янада катта иқтисодий самара бериши таъкидланди. Шу билан бирга, мамлакатлар ўртасидаги савдога тўсқинлик қилаётган ғовларни бартараф этиш зарурлиги айтилди.
Рақамли ва илғор технологиялар ҳам Ўзбекистон раислигининг устувор йўналишларидан бири бўлади. Шавкат Мирзиёев муҳим минераллар, сунъий интеллект, роботлаштириш, янги материаллар ва замонавий энергетика технологиялари соҳаларида МДҲ давлатлари биргаликда ўз компетенсияларини ривожлантириши ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириши кераклигини таъкидлади.
Транспорт соҳаси ҳам алоҳида эътиборда бўлади. Марказий Осиё Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануб ўртасидаги муҳим транспорт тугунига айланиб бораётгани қайд этилар экан, транзит тартиб-таомилларини соддалаштириш, қулай, хавфсиз ва иқтисодий жиҳатдан фойдали йўналишларни шакллантириш зарурлиги билдирилди.
Хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш ҳам Ўзбекистон раислигининг асосий йўналишларидан бири сифатида белгиланди. Президент терроризм, экстремизм ва кибержиноятчилик каби таҳдидлар аллақачон алоҳида давлатлар чегарасидан чиқиб кетганини таъкидлади. Айниқса, оддий фуқаролар, бизнес, банклар ва давлат тизимларига бевосита таъсир кўрсатаётган кибержиноятчиликка қарши ҳамкорликни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилиши айтилди.
Шавкат Мирзиёев инсонлар ўртасидаги алоқаларни ҳам энг муҳим йўналишлардан бири сифатида кўрсатди. Талабалар, ёш мутахассислар, олимлар, тадқиқотчилар ва ижодий касб эгаларининг мулоқот қилиши, бир-биридан ўрганиши ва қўшма лойиҳаларда иштирок этиши учун имкониятларни кенгайтириш зарурлиги таъкидланди.
«Бутун фаолиятимиз марказида инсон, унинг қадр-қиммати, манфаат ва имкониятларини рўёбга чиқариш туриши керак. Фақат ана шундагина МДҲ таълим олиш, меҳнат қилиш, янги лойиҳалар яратиш, шериклар топиш ва ўз келажагини қуриш мумкин бўлган макон сифатида қабул қилинади», деди Президент.
Саммит якунида МДҲ доирасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларига оид битим ва қарорлар тўплами имзоланди. Ўзбекистон эса 2027-йилги раислик даврида Ҳамдўстликда ўз самарадорлигини кўрсатган механизмларни сақлаб қолиш ва янги ечимлар талаб этилаётган йўналишларга қўшимча суръат беришни мақсад қилган.

