Ўзбекистон 2026-йилда ЖСТга аъзо бўлишни якунлаш режаларини тасдиқлади
Ўзбекистон яна бир бор 2026-йилда ЖСТга аъзо бўлишни якунлаш ниятини билдирди. Мартдан буён мамлакат 190 та қонунчилик ҳужжатини ЖСТ қоидаларига мувофиқлаштирди. Бозорларга кириш бўйича музокаралар ъякунланишига оз қолдиъ, бироқ иштирокчилар қатор қонунларнинг қабул қилинишини тезлаштиришга чақирди.

**Ўзбекистон 2026-йилга қадар ЖСТга аъзо бўлиш ниятини тасдиқлади**
Ўзбекистон 2026-йилга бориб Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) тўлиқ аъзо бўлиш жараёнини якунлашни мақсад қилган. Бу ҳақда 27-28-июл кунлари бўлиб ўтган ЖСТга кириш бўйича ищи гуруҳнинг 13-йиғилиши якунлари бўйича Ўзбекистон президентининг ЖСТ бўйича вакили ва бош музокарачи Азизбек Урунов маълум қилди.
Ўзбекистон делегацияси таркибида 30 нафар юқори лавозимли амалдор, жумладан, иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров, қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Акмал Қосимов ҳамда адлия вазири ўринбосари Маҳмуд Истамов иштирок этди. Бир қатор вазирлик ва идоралар вакиллари Тошкентдан онлайн тарзда йиғилишга қўшилди.
Азизбек Урунов ҳукуматнинг “ЖСТ аъзолари билан жадал ва конструктив ҳамкорлик қилишга тўлиқ содиқлигини” таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, март ойида бўлиб ўтган ищи гуруҳнинг аввалги йиғилишидан бери музокаралар янада илғор босқичга ўтган. Бу, хусусан, ташкилотга аъзо мамлакатлар томонидан берилаётган саволлар сонининг камайганида намоён бўлади, бу эса Ўзбекистон уларни ташвишга солаётган масалаларни босқичма-босқич ҳал этаётганидан далолат беради.
“Ўзбекистоннинг 2026-йилда аъзо бўлиш жараёнини якунлаш мақсадини ҳисобга олган ҳолда, бундай суръатни сақлаб қолиш айниқса муҳимдир”, – дея Уруновнинг сўзларидан иқтибос келтиради ташкилот матбуот хизмати.
Ўзбекистон томони маълумотларига кўра, март ойидан буён 190 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат ЖСТ қоидаларига мувофиқлаштирилди. Ўзгаришларнинг салмоқли қисми санитария ва фитосанитария талаблари, шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигига тегишлидир. Хусусан, мамлакатда ягона Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси ташкил этилди. Бундан ташқари, Ўзбекистон антидемпинг, компенсация ва ҳимоя чоралари тўғрисидаги қонун лойиҳаларини янгилади.
Ищи гуруҳ раиси, Корея элчиси Чхве Сон Ённинг маълум қилишича, ҳозирга қадар ЖСТ котибиятига 34 та мамлакатдан 31 таси билан бозорга кириш шартлари бўйича икки томонлама битим тақдим этилган. Уларнинг охиргисини Ўзбекистон Ҳиндистон билан тузди. У музокаралар ҳали якунланмаган мамлакатларни қолган масалаларни имкон қадар тезроқ келишиб олишга чақирди. Унинг баҳолашича, аъзо бўлиш жараёнининг икки томонлама қисми “якунланишга жуда оз қолди”.
ЖСТга аъзо мамлакатлар Ўзбекистон томонидан эришилган муваффақиятларни олқишлади, бироқ айрим қонунларнинг қабул қилиниши кутилганидан секинроқ кечаётганини қайд этди. Улар давом этаётган ислоҳотларни, жумладан, давлат корхоналарини хусусийлаштириш ҳамда шаффоф ва олдиндан тахмин қилиш мумкин бўлган ишбилармонлик муҳитини яратиш чора-тадбирларини ижобий баҳолади.
Йиғилиш давомида мамлакатлар вакиллари валютани тартибга солиш ва тўловлар, импорт қоидалари, савдо процедураларини соддалаштириш, инвестиция ва рақобат сиёсати, шунингдек, савдодаги техник тўсиқлар бўйича саволлар берди. Ўзбекистонга, шунингдек, давлат корхоналари ва қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш тизимини ислоҳ қилишни давом эттириш тавсия этилди. Баъзи иштирокчилар мамлакатга аъзо бўлгандан сўнг ЖСТнинг фақат айрим аъзолари иштирок этадиган кўптомонлама ташаббусларига қўшилишни таклиф қилишди.
ЖСТ бош директори ўринбосари Чжан Сянчен ташкилот раҳбари номидан сўзлаб, март ва июл ойларидаги йиғилишлар ўртасидаги қисқа танаффус томонларнинг музокараларни тезлаштиришга бўлган интилишини кўрсатишини таъкидлади. “ЖСТга аъзо бўлиш ҳар томонлама ислоҳотларни мустаҳкамлаш орқали иқтисодиётларнинг барқарорлигини оширишга ёрдам беради. Бу, шунингдек, қоидаларни янгилаш ва бозорларга киришни кенгайтириш орқали ЖСТнинг ўзини ҳам мустаҳкамлаши мумкин”, – деди у.
Ищи гуруҳ раисининг таъкидлашича, ҳали бажарилиши керак бўлган ишлар ҳажми сақланиб қолаётганига қарамай, агар Ўзбекистон ва ЖСТга аъзо мамлакатлар қолган масалаларни ўз вақтида ҳал қилса, аъзоликни якунлаш мумкин. Азизбек Урунов музокаралар иштирокчиларини қолган мажбуриятлар таърифларини келишиб олишга ва мувозанатли ечимларни топишга эътибор қаратишга чақирди. Унинг сўзларига кўра, эндиликда эришилган илгарилашни келишилган ҳужжатларда мустаҳкамлаш, қолган келишмовчиликларни бартараф этиш ва аъзо бўлиш жараёнини ниҳоясига етказиш зарур.
Ищи гуруҳнинг навбатдаги йиғилишини барча зарур ҳужжатлар тарқатилгандан сўнг – кузнинг охирида ўтказиш режалаштирилмоқда.
Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш учун аризани 1994-йилда топширган. Аъзолик шартлари бўйича фаол музокаралар 2020-йилда қайта тикланган. ЖСТга аъзо бўлиш жараёнини 2026-йил март ойида ташкилотнинг 14-Вазирлар конференсиясига қадар якунлаш режалаштирилган эди, бироқ бу амалга ошмади. Азизбек Урунов айрим мамлакатлар ҳужжатларни кўриб чиқишни пайсалга солаётганини маълум қилганди. Ўтган йилнинг охирида у жараённинг “кутилмаган секинлашуви” хавфи борлигини қайд этган эди. Май ойида президент ҳузуридаги йиғилишда Ўзбекистон ҳамон 2026-йилда ЖСТга аъзо бўлиш ниятида экани айтиб ўтилди. Йил бошига кўра, Ўзбекистон ташкилотнинг 34 аъзосидан 33 таси билан музокараларни якунлаган.

